3 ОЙДАН БЕРИ «БОЛНИЧНИЙ»ДАМАН. ТЎЛОВНИ ОЙЛИК ОШГАН НАРХДА ОЛАМАНМИ ЁКИ ЭСКИДА?
— Операциядан кейин 3 ойга «больничный» олгандим. Мен ишлаётган ташкилотда июнь ойида иш ҳақи оширилди. Айтинг-чи, «больничный»нинг бир ойи учун ошган нархда оламанми ёки эски нархдами?
Исми сир тутилди
Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси Ғайрат ЭРГАШЕВ жавоб беради:
— Меҳнат кодексининг 285-моддасига кўра, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси касал бўлинганда, меҳнатда майиб бўлган ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса, ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланади.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасининг энг кам миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизидан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.
Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2002 йил 1 апрель кунидаги 21-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида” Низомнинг 49-бандига кўра, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар барча ҳолларда ходимнинг ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади. Ушбу Низомнинг 59-бандига кўра, агар вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик ва туғиш даврида иш ҳақи ўзгарган бўлса, шу даврдан бошлаб нафақа миқдори ҳам тегишли равишда қайта ҳисоблаб чиқарилади. Агар нафақа ҳисоблаб чиқарилган иш ҳақига қўшимча ҳақ ҳисобланган бўлса, нафақа ҳам тегишли равишда ошади.
Юқоридаги қонун нормаларидан келиб чиққан ҳолда, cиз ишлаётган корхонангизда июнь ойидан бошлаб, иш ҳақингиз ошган бўлса, cизга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ошган иш ҳақингиздан келиб чиққан ҳолда тўлаб берилади.