СУДЬЯ ВА СУДГА МУНОСАБАТ, “ЭЗҒИЛАНАЁТГАН” БЕЧОРА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ ВА ҲУҚУҚИЙ САВИЯ…

Ҳазрат Жалолиддин Румий ўзининг «Фиҳи-мафиҳи» (Ичингдаги ичингдадур) номли китобида муқаддас «Қуръони карим» каломларига таяниб қўйидаги сўзларни келтиради.

 

«Биз омонатни кўкларга, ерга ва тоғларга таклиф этдик. Улар омонатни ўз зиммаларига олишдан чекиндилар, унга хиёнатдан қўрқиб, андиша қилдилар. Аммо омонатни инсон ўз гарданига олди».

 

Ҳа… агарки, қисқагина ва соддагина ёки чуқур мушоҳада қилмасдан туриб ҳам айтиб қўя қоладиган бўлсак, «эр-хотин бири-бири, ота-она фарзанди, қариндош уруғлар, жамиятдаги ҳар бир шахс ўзаро бир-бирлари олдида ҳақдорлик (ҳуқуқ)ни ёки қарздорлик (мажбурият)ни олдилар.

 

Жамиятда шахслар ўртасида юзага келган, айнан ўша ҳақдорлик ва қарздорлик «омонат»и борасида «фатво» чиқариш юкини эса қозилар елкасига олди.

 

Ҳеч эътибор қилганмисиз, суд ҳукми ўқилганида айбдор, жабрланувчи, уларнинг яқинлари ёки суд қарори эълон қилинганида даъвогар, жавобгар, уларнинг вакиллари қандай муносабат билдиради.

 

Албатта, суд якунидан у ёки бу тараф норози эканлигини ҳис-туйғуларга берилиб билдирган, баъзан ичида ёки очиқ эшиттириб судни ҳақорат қилганлар кўплаб топилади.

 

Ушбу ҳолатлар аввало, низолар – одамларга берилган «омонат»ларга кўра, ФИБ судларда кўпроқ, сўнг ЖИБ, маъмурий ва иқтисодий судларда кетма-кетлик асосида кузатилади.

 

Демак, улар «қози»га беш кетмадим, судга ишонч йўқ», дейди…

 

Айни суд якуни бўйича кузатилаётган бу каби ҳолатлар Ўрта Осиё, жумладан, афсуски, бизга хос бўлиб, танимизга сингиб кетишга улгурган.

 

Айрим илғор давлатларда эса вазият бироз бошқача, яъни, қонунчилик анча ривожланган. Аҳолининг қонунларга итоаткорлиги шаклланган, судлардан ҳам аҳоли қонунни қўллашни талаб қилади.

Биз сингари судлардан ўзларини рози қилишни ёки ўзларига кераклича эътиборни талаб қилмайди. Шундай экан, савол туғилади: «Нега, бизда судлар ҳар доим ҳам низони нотўғри, ноқонуний ҳал этадими?»

 

1. Ҳа, судда баъзан низолар ўз ечимини топмаслиги ёки низо нотўғри ечим топганлиги ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу табиийдир. Бутун дунёда бундай ҳолатлар афсуски, кузатилади.

 

2. Йўқ, таҳлилларга қараганда, бугун судларда кўрилаётган жами ишларнинг 3 фоизи бўйича қилинган шикоят ва эътирозлар маълум бир асосга эга бўлиб, шуларнинг тахминан 1 фоизида қўйи инстанция судларининг қозилари хатоларга йўл қўймоқда. Буни инкор этиб бўлмайди.

Бу каби хатолар «қози ҳам хом сут эмган бандада, адашади, хато қилади», деган гап билан асло оқланмайди. Бу ўз номи билан нотўғри қарор, ноқонуний суд ҳужжати, омонатга хиёнат, деб қаралиши даркор.

 

Шу билан бирга, ушбу масаланинг оғриқли иккинчи томони ҳам бор. Демак, таҳлиллар судга мурожаат қилувчилар ва ҳуқуқбузарларни ҳам ўзларига юклатилган омонат – ҳуқуқ ва мажбуриятларига нисбатан масъулият билан ёндашишларини ҳар қачонгидан кўра, кўпроқ талаб қилинаётганини кўрсатмоқда.

 

Амалда қонунларга итоат даражаси ҳамон пастлигича, судга ҳурмат ҳаминқадарлигича, кишилар ўртасидаги ўзаро суд низолари жараёнида эса, тарафлар ўртасидаги қотиб қолган шахсий интрегиялар, менталитетга айланиб улгурган наф бермас ғурур, ҳақсизлик, қарздорликни атай ё билиб-билмай тан олмаслик, ҳақдорга ютқазишни хоҳламаслик кабилар ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий савияни эзғилаб ташлаяпти.

 

Оқибатда эса, ачинарли ҳолатлар – низоларга ечимларни қонун ва қонуний суд қарорларидан эмас, балки суд унга керагича эътибор қаратмаганлиги, судьянинг ўзини тутиши, унинг идеал бўла олмаганлиги, айрим ҳаракатлари, судьянинг шахсига нисбатан, унинг ташқи кўринишига ва судьянинг ички оламига баҳолар, унинг у ёки бу тарафга бераётган савол-жавобига шубҳа асосида қарашларга урғу бераётганимиз каби ҳолатлар кенг қулоч ёзди.

 

Ваҳоланки, «Судда тарафлар ва улар ўртасидаги ўзаро муносабат ёки тарафлар ва қози ўртасидаги суд олиб бориш тартибидаги ўзаро муомала, агар лозим бўлса, мулоқот устувор аҳамият касб этмоқда.

 

Илло, судда, суд мажлисида фақат адолат ҳамда қонун гапириши лозим. Тамом, сўз ортиқчадир. Бундан ҳеч бир тарафга, жумладан, жамиятга ҳам наф йўқ”.

 

Бунинг акси бўлаверса, масалан, қози тарафларга сиполик билан яхши муомалада бўлса-ю, суд якунига кўра, нотўғри қарор қилган ҳолда ҳам тарафларнинг кўнглини олса ё тарафлар ҳам суд уларни ҳурматини жойига қўйилганидан ғурурланиб, ўзларини хурсанд қилиб кетса, унда ҳақиқий фалокат бўлади.

 

Бу асло судга ишонч ва суддан одамларни рози қилишни англатмайди. Қолаверса, аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, қозига ҳам, судга ҳам баҳо ишонч ёки ишончсизлик қозиларга берилган омонат, яъни, ким нима муносабат билдиришидан қатъи назар, қози фақат ва фақат адолат ва қонунни оғишмай қўллаши билан ўлчаниши лозим.

 

Шунингдек, судга иши тушганлар, ҳуқуқбузарларнинг ҳам қози ва судларга баҳо беришдаги асосий мезони, бу — айнан судьянинг адолат ва қонун ўзларига, яъни кишиларга берилган омонатида — ҳақдорлиги ва қарздорлиги юзасидан келиб чиқаётган низоларида қанчалик тўғри қўлланганини тан олиш, олмасликдан келиб чиқиши шарт.

 

Шу асосда жамиятдаги муносабатлар қонунларга ва суд қарорларига итоат ва итоатсизлик ҳамда унинг оқибатларини англаб етиш асосида шаклланадиган жамиятдаги соғлом қарашлар қози ва судларга ишончни белгилаб берувчи муҳим омил бўлмоғи мақсадга мувофиқ. Хулоса ўзингиздан!

 

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси