АВТОМАШИНА “БИЗНЕСИ” БИЛАН ШУҒУЛЛАНГАН ФИРИБГАРЛАРГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ
“Бузоқнинг югургани сомонхонагача”, деб бежиз айтишмаган. Пешона терисиз осонгина мўмай даромад топмоқчи бўлган икки шоввознинг “бизнеси” узоққа чўзилмади. Уларнинг охирги манзили суднинг қора курсиси бўлди…
Гап шундаки, судланувчилар зиммасига катта масъулият ва ишонч юклатилганди. У ҳам бўлса, улар МЧЖ билан “автомашина етказиб бериш” шартномасини тузиб, шартнома шартига кўра, баҳоси 278 322 334 сўм бўлган “Malibu-2” русумли автомашинани 40 фоиз, яъни 111 328 933 сўмни тўлаб, қолган 166 993 401 сўм пулларни 36 ой мобайнида бўлиб-бўлиб тўлаш, транспорт воситасини учинчи шахсларга сотмаслик ва тақиққа қўйиш учун тақдим этиш мажбурияти эди. Бироқ улар ўз зиммасидаги мазкур ишончни суиистеъмол қилишди.
Яъни, 31 ёшли судланувчи жамиятдан “Malibu-2” русумли автомашинани олиб, автомашинани тақиққа олиш учун жамиятга тақдим қилмасдан, нотариал идорада олди-сотди шартнома расмийлаштириш орқали бир фуқарога тўлиқ ўз эгалигида бўлган мулк сифатида 23 650 АҚШ долларига сотиб юборади. Қўлга киритилган пул маблағининг бир қисми – 102 688 067 сўмни жамият ҳисоб рақамига “автомашина учун” деб кирим қилиб, қолган 64 305 334 сўм – жамиятнинг анча миқдордаги пул маблағларини қўлга киритиб, фирибгарлик жиноятини содир этган.
“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, деганларидек, судланувчи бел оғритмай мўмай даромад қилишнинг шу “йўли”дан юришда давом этади. Шу тариқа, “Malibu-2”ни бир нечта фуқароларга 23 500, 23 400, 23 000 ва 18 500, 18 250, 18 000, 17 800, 17 300, 17 000 АҚШ долларига, “Tracker”ни эса 185 400 000 сўм, 150 000 000 сўм, 18 600 ва 17 400 АҚШ долларига сотиб юбориб, жамиятнинг кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритган. Қолаверса, “Tracker”ни жамиятга тақдим қилмасдан мулкни учинчи шахсларга ўтказиб, жамиятнинг кўп миқдордаги – 118 850 992 сўм, 117 650 992 сўм, 123 650 992 сўм, 127 250 992 сўм маблағларини қўлга киритиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир этган.
Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган судланувчилар уларга эълон қилинган айбловларга қисман иқрорлик билдиришди.
— Аввалдан Сирғали туманидаги автомашина бозорида автомашина савдоси билан шуғулланиб келаман. Пандемия бошланиб, автомашина олди-сотдисида ҳам ишларим тўхтаб қолганди. Кўчада қарзларим жуда кўп бўлган. Шу сабабли қарзимни ишлаб беришга ҳаракат қила бошладим.
Аммо иш топа олмадим. Шу вақт акциядорлик жамияти томонидан автомашинани ярим баҳосида бериб, қолган суммани 36 ой давомида бўлиб-бўлиб бериш имкони яратилди. Ушбу акция эълон қилинганидан сўнг “Tracker” русумли автомашина сотиб олиш мақсадида МЧЖга бордим.
Автомашинанинг тан нархи 222,0 млн. сўм бўлса-да, жамият автомашинани 88,0 млн. сўм тўланган тақдирда қолган қисмини бўлиб-бўлиб тўлаш имконини яратишини айтди.
Шу сабабли ўзим билан олиб борган пулларимни битта автомашина учун тўладим. Яъни, биринчи шартнома тузилди, эртаси куни автомашина жамият томонидан ўзимнинг номимга расмийлаштириб берилди. Ўша куннинг ўзида танишларим орқали ушбу автомашинани бир фуқарога сотдим ва ундан 17 900 АҚШ долларини олиб, шахсий эҳтиёжларимга ва қарзларимни тўлашга қаратдим.
Жамиятга эса автомашинани тақиққа турли баҳоналар билан олиб бормасдан, сотганимни ҳам ҳеч кимга айтмасдан ҳар ой пулини тўлаб келдим. Бир неча ойдан кейин яна битта автомашина олиб, уни ҳам сотишни мақсад қилдим. Бунинг учун жамиятга бориб, яна битта “Tracker”га шартнома олиб келдим.
Автомашина учун 88,0 млн. сўм тўлганимдан кейин менга шу куни автомашина берилди. Автомашинани танишларим орқали яна бир фуқарога сотдим, 18 000 АҚШ доллари олдим. Автомашинани тақиққа қўйиш учун олиб бормадим, – дейди 38 ёшли судланувчи.
Фирибгарликка қўл урган 38 ёшли судланувчи ҳам баҳоси 222 150 992 сўм бўлган “Tracker” русумли автомашинани бир нечта фуқароларга 17 900, 18 000, 18 500, 18 700, 18 000 АҚШ долларига сотиб, маблағнинг катта қисмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
СУД ҲУКМ ҚИЛДИ
Судланувчилар Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмининг “а, б” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди.
31 ёшли судланувчига ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 7 йил 6 ой, 38 ёшли судланувчига эса 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
31 ёшли судланувчидан жабрланувчи фойдасига 169 436 272 сўм ва МЧЖ фойдасига 1 917 169 232 сўм, 38 ёшли судланувчидан эса МЧЖ фойдасига 475 299 968 сўм ундирилиши белгиланди.
31 ёшли судланувчи томонидан етказилган моддий зарарни ундириш унинг номига расмийлаштирилган шартнома асосида етказиб берилган, иккита “Tracker” русумли автомашиналарга қаратилди.
Фарҳод ЭРГАШЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Чилонзор туман суди судьяси