ИЖАРАДА ЯШАЯПМАН. ҚАЙНОТАМНИНГ ҲОВЛИСИДА ҲАҚҚИМ БОРМИ?
— Қайнотамни номида бўлган уй кадастр қилинмаган. Ҳозирда 15 сотих ҳовлида қайнакам хотини билан яшаяпти. Қайнотам вафот этган. Қайнакамни фарзанди йўқ. Мени эса тўртта болам бор. Эрим Россияда ишлаб юрганда оламдан ўтиб қолди. Қайнакам фарзандларим билан сиғиштирмагани учун ижарама-ижара юрибмиз. Иккита қизимни турмушга берганман, ўғлимни уйлантирганман. Ҳозирда кенжа қизим ва ўғлимнинг оиласи билан ижарада яшаяпмиз. Айтинг-чи, қайнотамнинг ҳовлисида мен ва фарзандларимнинг ҳаққимиз борми?
Исми сир тутилди
Икрам АЛМАНОВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:
— Қайнотангиз вафот этганидан кейин унинг номидаги уй-жойни фарзандлари ўртасида тенг тақсимлаш масаласида яшаб турган жойингиздаги нотариал идорага ариза билан мурожаат этишингиз мумкин. Фарзандлари ўртасида низо мавжуд бўлса, унда яшаб турган жойингиздаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига мурожаат қилиш ҳуқуқингиз ҳам бор.
Бундай ҳолатда, Фуқаролик процессуал кодексининг 3-моддасига кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишга ҳақли.
Фуқаролик судларининг вазифаси бу фуқаролик ишларини тўғри, ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этишдан иборатдир.
Амалдаги ФПКнинг 4-моддасига асосан судга мурожаат қилиш:
- фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича – даъво аризаси шаклида;
- буйруқ тартибида иш юритиш бўйича, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда – ариза шаклида;
- апелляция ва кассация инстанцияси судларига мурожаат этилганда – шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.
Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
Сиз низони тўғри ва қонуний ҳал этиш учун жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига меросхўр деб топиш, мерос улушини белгилаш ва уйга киритиш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилишингиз мумкин, бунда даъво ариза Фуқаролик Процессуал Кодексининг 189-191-моддалари талабларига жавоб бериши лозим.
ФПКнинг 189-моддасига асосан судга тақдим қилинадиган аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ариза берилаётган суднинг номи;
2) даъвогарнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, агар даъвогар ташкилот бўлса, унинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ҳамда реквизитлари, шунингдек, агар ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва манзили;
3) жавобгарнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, агар жавобгар ташкилот бўлса, унинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ҳамда реквизитлари;
4) даъвогарнинг талаби;
5) агар даъво баҳоланиши керак бўлса, даъвонинг баҳоси;
6) даъвогар ўз талабига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар ва даъвогар томонидан баён қилинган ҳолатларни тасдиқловчи далиллар;
7) жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, башарти бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
8) аризага илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
Ариза даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар ариза вакил томонидан берилган бўлса, аризага ишончнома ёки вакилнинг ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши керак.
Бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурор, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ёки айрим фуқаролар томонидан бериладиган аризада ушбу моддада санаб ўтилган маълумотлардан ташқари ариза кимнинг манфаатини кўзлаб берилган бўлса, ўша шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи) ҳамда манзили кўрсатилиши керак.
Аризада даъвогар ёки унинг вакили, шунингдек бошқа тарафнинг телефонлари ва факс рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.