ЎЗИНГДАН ЧИҚҚАН БАЛОГА ҚАЙГА БОРАСАН ДАЪВОГА
Доно халқимизда “қилмиш – қидирмиш” деган нақл бор. Лекин минг афсуски, боши деворга теккан бўлса-да нафсга бўлган қулликдан чиқолмайдиганлар топилади. “Қаҳрамони”миз ҳам айни илм изидан тушадиган, келажак учун олдига катта-катта мақсадлар қўйиб, у томон дадил қадамлар қўядиган айни навқирон 18 ёшида “икки бор судланган хавфли рецидивист” деган тамға эгаси бўлиб ўтирибди…
Судланувчи йигит ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишга одатланган кўринади. Боис у муқаддам ҳам ўғрилик содир қилиб судланганди. Бу гал қариндошининг шими чўнтагидан 300 000 сўмни ўғирлаган.
Бундан ташқари, судланувчи такроран ўн кун оралиғида яна ўша қариндошига тегишли сумкадан 25 650 000 сўмни ўмаради. “Ўзингдан чиққан балога қайга борасан даъвога”, деб шуни айтсалар керакда…
Судланувчи суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдирди. Унинг кўрсатмасига кўра, ўзи истиқомат қилиб келаётган уйда бўлган вақтида, соат 08:30 ларда қариндоши ётган хонага кирган.
— Унга тегишли сумка ичидаги дафтарларни олдим. Шу вақтда анча пули борлигини кўрдим. Қариндошимга сумкасини олаётганим, пулларини шкафга солиб қуйганимни айтгандим. Тунги соат 03:00 ларда, ўзим истиқомат қилиб келаётган уйга келдим. Қариндошимнинг хонасига кириб, сумкасидан 25 000 000 сўмдан ортиқ бўлган пулларни олиб чиқиб кетдим. Сўнг дўстим билан кўришиб, унинг қўлига 200 000 сўм бердим. Кейин биргаликда компьютерхонага бордик. Йўл харажатларини ҳаммасини ўз ҳисобимдан тўладим. У ердан чиқиб, савдо мажмуасига бордим. У ерда дўстимга яна 500 000 сўм бердим. Бошқа дўстим билан кўришиб, кафеда овқатландик. Ушбу йўл харажатлари ва овқатланиш учун кетган пулларни ҳам ўзим тўлов қилдим. Кейин массажга кирдик, жами 1 275 000 сўм харажат қилдим. Шундан сўнггина уйга бордим. Уйда опам қариндошимизнинг пуллари йўқолганини ва мендан ҳам олган ёки олмаганимни сўради. “Пуллардан хабарим йўқ”, дедим. Сўнг ИИБ биносига боришимни айтишди, у ерда тушунтиришлар олишди, – дейди судланувчи. Қани эди бу ҳолатдан ақли бошига келиб, бироз фикр қилган бўлса, аксинча у ердан чиқиб, пинагини ҳам бузмай ўша тунда унга ҳамрохлик қилган икки дўсти билан кўришиб, тунги клубга боришади. Афсуски, бу ҳолатда ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги назорати йўқлигини билиш қийин эмас… Йўқса, тунги клубда 1 200 000 сўм сарфлаб, камига тоққа чиқиб кетишмаган бўларди. Тоққа фақатгина дўстлари билан кетишган деб ўйларсиз, бироқ ундай эмас. Ёшлар тарбиясидаги энг фожиали ҳолатлардан бирини ҳам айнан ўша тоғдаги вазиятдан билса бўлади: – Биз билан бирга борган қизлар учун ҳам 1 800 000 сўм тўлов қилдим. Ушбу тоғдаги уй учун 450 000 сўм кетди. Эрталабки соат 08:00 ларда қайтиб, ҳамма уй-уйига тарқалди. Шу вақтда дўстимга сақлаб туриш учун 5 000 000 сўм бердим ва уйга кетдим. Ўша куни дўстимга қўнғироқ қилиб, берган пулларимдан автомашина олиши ва биргаликда кўчани айланишимизни айтдим. Кейин икки нафар дўстим билан кўришиб, харажатлар учун дўстимга 2 100 000 сўм бердим. Кечки вақтда дўстимдан пулларни қолганини қайтариб олиб, ўз эҳтиёжларим учун ишлатдим. Шу куни икки нафар маҳалладошимга 300 000 сўм қарзимни бердим, – дея содир қилган жиноятидан гўёки пушаймонлигини билдирган…
ҚОНУНИЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАШНИ СЎРАДИ…
Жабрланувчи эса суд мажлисида қуйидагиларни баён қилди:
— Тошкентдаги университетлардан бирида ўқиётганим сабабли, 2021 йилнинг ноябридан буён тоғамнинг уйида яшаб келаётгандим. Шимимнинг чўнтагида турган 300 000 сўм ўғирланди. Лекин тоғамнинг уйида бўлгани учун бу ҳақда ҳеч кимга айтмадим. Шундан сўнг мен билан бирга хонада ётиш учун ижарага бир йигит келди. У билан бир хонада яшадик. Тўлов шартномаси асосида ўқиётганм учун отам йўловчи автомашинаси орқали 27 450 000 сўм юборганди.
Пулни олгач, истиқомат қилиб келаётган уйимга келиб, пулларнинг тўлиқ эканини санаб билдим. Сумкамга пулларни солиб қўйдим. Эртаси куни эрталаб ётоқхонамга қариндошим кириб, мени уйғотди ва кетаётганини айтди. Ўрнимдан туриб, сумкам йўқлигини кўрдим. Қариндошимдан сумкам қаердалигини сўрасам, “сумкани олдим ва ичига кийимларни солдим. Пулларни шкаф ичига қўйдим”, деди. Шкафда пулларни кўрдим, бироқ орасидан қанчадир миқдори тортилгани кўриниб турганди.
Пулларни санаб кўрганимда жами 300 000 сўм йўқлигини билдим. Кейин ижарачи йигитни уйғотиб, ундан ҳам пулларни санаб кўришни сўрадим. 27 450 000 сўмдан 300 000 сўм кам чиққанини айтди. Ўқишга ишлатиш мақсадида 1 800 000 сўмни олдим. Шу вақтда 25 350 000 сўм қолганди. Қолган пулларни скотч билан ўраб, маҳкамлаб сақлаш мақсадида тоғамнинг аёлига бердим. Эртаси куни менга тоғамнинг рафиқаси ишга кетишини айтиб, пулни қайтариб берди. Уларни сақлаш мақсадида хонадондаги кўрпачалар орасига беркитиб қўйдим. Кейин пулларини олиб, санаб кўрганимда 25 350 000 сўм эканини билиб, қайта скотчлаб сумкамга солиб қўйдим. Шундан кейин соат 21:00 ларда ижарачи йигит билан биргаликда ишлаш мақсадида кўчага чиқиб кетдик. Шу тариқа тунги соат 02:00 ларда уйга қайтдик.
Телефонимдаги видеороликларни томоша қилиб ётганимда инстаграм орқали қариндошим билан ўзаро ёзишма ёзишдик. Қариндошим ухламай туришимни, у ҳам уйга келаётганини айтди. Тахминан соат 03:00 ларда ухлаб қолдим. Эртасига соат 09:00 ларда ўрнимдан туриб, сумкамдаги пул йўқлигини билдим.
Ижарачи йигитдан сўрасам, кўрмаганини ва ИИО ходимларига хабар беришни айтди. Уйда ҳеч ким бўлмагани учун уйда яшовчилардан сўраб кўрдим, кейин уйдан қидириб кўрдим. Топилмагач, ўқишга кетдим ҳамда шу куни кечки вақтда уйга қайтдим.
Қариндошим ҳам уйга келмади. Сўнг тоғамдан ҳам пулларни сўрадим, топилмади ва ИИО ходимларига хабар беришимни айтди. Пулларим ўғирлангани ҳақида ариза ёздим. Ҳозирда менга етказилган моддий зарар қопланмаган.
Жабрланувчи судланувчидан унга етказилган 25 950 000 сўмни ундириб беришни ҳамда унга нисбатан қонуний жазо тайинлашни сўради.
Судланувчи Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилди. Унга ЖКнинг 60,61-моддалари тартибида ўталмаган жазосидан қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Судланувчидан жабрланувчи фойдасига етказилган 25 950 000 сўм зарар ундирилиши, шунингдек, далилий ашё сифатида олиниб, Тошкент шаҳар ИИББ Молия бўлимига топширилган 4 624 000 сўм жабрланувчи фойдасига етказилган зарарни қоплаш учун қаратилиши белгиланди.
Бахтиёр АЛИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Сирғали туман суди раиси