«УЙНИНГ ҚАРЗИНИ КИМ ТЎЛАЙДИ?»
— Ота-онамдан қолган уй менинг номимда. Ўзим 19 йилдан бери Россияда ишлаб юраман. 2016 йил катта опамни уйга қўйиб кетдим. Жўнаб кетганимдан бир ой ўтар-ўтмас, опам қазо қилиб қолди. Жанозага ҳам келолмадим. Орадан беш йил ўтиб қайтиб келсам, уй тўловлари бўйича қарз 22 млн.га етибди. Уйда опамнинг турмушидан ажрашган ўғли яшаб келаётганди. Қарзни жиянимдан талаб қилай десам, мияси чайқалган, ақлий ривожланишида муаммо бор. Ўзим тўлай десам, ахир бу ерда яшамаганман-ку? Энди уйнинг қарзини ким тўлайди?
Исми сир тутилди
Зулфия НУРАЛИЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:
— Фуқаролик кодексининг 18-моддасига асосан фуқаролар мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эга бўлишлари, уни мерос қилиб олишлари ва васият қилиб қолдиришлари мумкин. Ота-онангиздан қолган уй-жой кўчмас мулк бўлганлиги сабабли тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳужжат асосида Сизнинг номингизга расмийлаштирилган бўлса, Сиз мулкдор ҳисобланасиз.
Фуқаролик кодексининг 18-моддасига кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу Кодекснинг 182-моддасида мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари келтирилган бўлиб, мазкур ҳолат бўйича Сизда уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи мерос қилиб олиш асосида вужудга келганлигини англаш мумкин.
Сизда уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келиши билан бир қаторда қонун билан белгиланган мажбуриятлар ҳам вужудга келади.
Конституциямизнинг 51-моддасига кўра, фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар.
Солиқ кодексининг 6-моддасида солиқ солишнинг мажбурийлиги принципи белгиланган бўлиб, унга кўра ҳар бир шахс ушбу Кодексда белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаши шартлиги кўрсатиб ўтилган. Солиқ кодексининг 13-моддасига кўра солиқ тўловчилар ушбу Кодексга кўра зиммасига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти юклатилган жисмоний шахслар, юридик шахслар ва уларнинг бўлимларидир. Сиз мулкдор сифатида ушбу Кодекснинг 23-моддасида белгиланган солиқларни тўлаб боришингиз шарт.
Беш йил давомида тўланмаган солиқлар бўйича қарздорликни мулк эгаси сифатида тўлашингиз керак бўлади. Чунки, Сизда мулкдор сифатида қонунчиликда белгиланган солиқларни ўз вақтида тўлаш мажбурияти вужудга келган, ушбу мажбуриятни ўзга шахсга агар шартномадан ёки қонунда белгиланган ўзга ҳолатлар назарда тутилмаган бўлса юклатиш мумкин эмас. Юқоридаги келтирилган ҳолат бўйича Сиз ҳуқуқий муносабатларнинг субъекти бўлиб ҳисобланасиз.