ТИРБАНДИЛИКДАН ФОЙДАЛАНГАН АЁЛГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ…
Ҳаёт аталмиш синовли дунёда турфа тақдирлар бўлади. Бирни кўриб фикр қилади киши, бирни кўриб шукр. Вояга етмаган фарзандлари бўлган 35 ёшли аёлнинг ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилишни мақсад қилиши эса кишини чуқур ўйга толдиради…
Аёл Қўйлиқ универсал бозори ёнида жойлашган автобуслар бекати ҳудудида кўзлаган режасини амалга оширади. Ўша ерда бўлган фуқарони микроавтобусга чиқаётганлигидан фойдаланиб, унинг елкасидаги сумкасидан баҳоси 100 АҚШ долларига тенг катмонча ва унинг ичида бўлган жами 610 000 сўм миқдоридаги нақд пуллар билан бирга нархи 300 АҚШ долларига тенг тилла зиракларни киссавурлик йўли билан қўлга киритади. Табиийки, ҳодиса содир бўлгач вовеа жойидан яширинган.
“Ён-атроф тирбандилигидан фойдаландим”
Суд мажлисида сўроқ қилинган суданувчи эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлик билдирди…
— Ўз ишларим билан Қўйлиқ деҳқон бозорига бориб, кейинчалик Янгиобод бозорига боришни режалаштиргандим. Шу боис Қўйлиқ универсал бозорига келган вақтимда, шу ерда бўлган автобуслар бекати олдида нотаниш фуқарони микроавтобусга чиқаётганини кўриб қолдим.
Бу вақтда ушбу микроавтобусдан одамлар тушаётганди. Шунда у елкасидаги сумкасини орқа томонига ўтказиб қўйди.
Уни микроавтобусга чиқаётганидан ва бу вақтда ён-атроф тирбандилигидан фойдаландим. Фуқаронинг ортидан бориб, микроавтобус эшиги олдида унинг елкасидаги сумкаси ичидан катмончани ўғрилаб олдим.
Бу ҳолатни ҳеч ким кўрмади ва сезмади. Сўнг катмончасини олиб, йўл қатнов қисмининг нарги томонига, яъни Яшнобод тумани ҳудуди томон ўтиб кетдим. Ичини очсам, 300 000 сўм бор экан. Пулларни олиб, катмончани улоқтириб юбордим. Пулларни ўз эҳтиежим йўлида сарфладим.
Катмончанинг ичида яна бирор бир нарса бор ёки йўқлигига амин бўлмасдан туриб, уни ташлаб юбордим. Кейнчалик билсам, ичида яна 2 дона тилла зирак ва 100 000 сўм пул бўлган экан. Қилган ишимдан чин қўнгилдан пушаймонман.
“Кузатув камералари кўздан кечирилди”
Жабрланувчи эса судда қуйидагиларни баён қилди…
— Танишим билан бирга Қўйлиқ деҳқон бозорига келиб, зарур бўлган буюмларни ҳарид қилдик. “Авиасозлар” бозорига бориш мақсадида Қўйлиқ универсал кийим бозори ёнидаги бекатда микроавтобус кутиб турдик.
Келган микроавтобусда одам кўп бўлгани сабабли, унинг ичидаги йўловчиларни ўтказиб юбордим. Шунда микроавтобусга чиқиш учун елкамдаги сумкани ортимга ўтказиб олдим. Бу вақтда мен томонга бир аёл келаётганини кўрдим.
Лекин унга унча аҳамият бермадим. Орадан бир муддат ўтгач, йўл ҳаққини тўламоқчи бўлиб сумкамнинг ичидан 100 АҚШ долларига тенг катмонча, уни ичида бўлган 400 000 сўм, 3 АҚШ доллари, 2 дона 300 АҚШ долларига етадиган тилла зирак ва 100 000 сўм миқдоридаги пуллари йўқ бўлиб қолганини билдим.
Сўнг Ички ишлар органлари ходимларига мазкур ҳолат юзасидан ариза билан мурожаат қилдим.
Суриштирув ишлари давомида ҳодиса содир бўлган жой яқинида ўрнатилган кузатув камералари кўздан кечирилди. Унда бир аёл келиб, мени микроавтобусга чиқаётган вақтимда сумкамдан катмончани ўғрилаб олгани кўринди. Ҳозирги вақтда менга ҳаммаси қайтариб берилган. Судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоим йўқ.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва уч йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Эльза ШАМСУТДИНОВА,
жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди раиси