ТАДБИРКОР ВА МУЛКДОРГА «БОШ ОҒРИҚ» БЎЛАЁТГАН ТОПШИРИҚ ВА «ЛАББАЙЧИЛИК», АЙРИМ ҚОНУН ВА ҚОНУН ОСТИ ҲУЖЖАТЛАР ОҚИБАТИ…
Шарҳ
Бугуннинг қизғин ва долзарб мавзуси тадбиркор ва мулкдорнинг муаммоси ҳақида сўз борар экан, қуйидаги фикрларни билдириш мумкин.
1. Тан олиш лозимки, мулкдор ва тадбиркорнинг муаммосига сабаб аввало қонунлар. Нега?
Чунки, аввал-бошдан яратилган айрим қонунлар хусусий мулк ва тадбиркорликнинг гуркираб ривожланишига етарли ҳуқуқий замин ҳозирлай олмади.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.
Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги белгиланган.
Шу ўринда савол туғилади: нега «хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз», нега бошқа мулк шакллари хусусий мулк каби эмас, ёки нега мулкдан фойдаланиш давлатнинг ҳуқуқларини бузмаслиги шарт. Ахир давлатнинг ўзи хусусий мулк кафолатчиси эмасми?
Хуллас, мустақилликни илк даври бўлгани боисми, бошқа қонунларни қўйиб турайликда, асосий қонунимиздаги хусусий мулк ва тадбиркорликка оид айрим нормалар ҳам эҳтиёткорлик, қолаверса, ҳам хусусий мулк, ҳам тадбиркорликка нисбатан тўла ишонч билан ёзилмаган.
Шунинг учун ҳам мулкни тасарруф этиш, фойдаланиш, эгалик қилиш борасидаги «Ўзбекистон республикасида мулкчилик тўғрисида»ги, «Ижара тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа бир қатор мулк ва тадбиркорликка оид қонунлар амалда, ҳаётда татбиқ этилишда ўзининг устувор юридик кучини кўрсата олмади.
«Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир», деб белгиладик. Нега қонун ҳимоясидадир, деб белгиламадик? Балки шу концептуал асосданми, мулк ҳимоячиси бўлган давлат мулкнинг ҳақиқий назоратчисига айланди.
Оқибатда эса, давлат ислоҳотчи ва назоратчи бўлиб, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги, кейинчалик «Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги қонунлар ҳуқуқий майдонга чиқдики, натижа ҳаммага маълум…
2. Қонун ости ҳужжатлар бугун ҳам тадбиркор ва мулкдорнинг асосий муаммоларидан бирилигича қолмоқда.
Тадбиркорлик ва мулкка дахлдор 12 000 дан ортиқ қонун ҳужжатларига эгамиз…
Мисол учун, биргина якка тартибдаги тадбиркорликни олайлик, улар фаолияти асосан Ўзбекистон Республикаси ФК ва «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан белгилансада, яна шу соҳа 40 дан ортиқ қонун ости ҳужжатлари билан тартибга солинади. Ушбу қонун ости ҳужжатларининг аянчли аҳволи шундаки, ҳатто бир ҳужжатда улар якка тартибдаги тадбиркор деб таърифланса, бошқасида хусусий тадбиркор деб белгиланган ва бу ҳужжатлар амалда.
Гапирса, гап кўпаяди, мақсад узоқлашади, лекин ўз ўрнида айтиб ўтиш керакки, қонун ости ҳужжатларда тадбиркор ва хусусий мулкка нимаки қийинчилик бўлса, барчаси яратиб бўлинган. Ушбу ҳуқуқий маконни тозалаш ва такомиллаштириш осон бўлмайди…
3. Чексиз қонун ости ҳужжатлар оқибати бўлган топшириқ ва «лаббайчилик» бугун тадбиркор ва мулкдорга қаттиқ бош оғриғидир.
Ҳеч кимга сир эмас, йиғилишларда, айрим мансабдорлар қабул қилаётган маълум қонунсиз ҳужжатларда, тадбиркорларга берилаётган ёзма ва оғзаки кўрсатмаларда, тадбиркор фаолияти ва мулкдор мулкига нисбатан топшириқлар оқибатида тадбиркор ва мулкдорга тизимли зиён бўлаётгани аччиқ ҳақиқатдир.
Масалан: айрим мансабдорларнинг ҳудудлардаги ободонлаштириш ишларини кўздан кечиришлари учун қуйи мансабдорлар, яъни, туман ҳокими ёки сектор раҳбарининг тезкор оғзаки ёки ёзма кўрсатмаси билан ободонлаштириш, таъмирлаш, қурилиш ишларини қилган ё бундай ишларни қилишга мажбурий, ихтиёрий жалб этилган тадбиркорга кейинчалик у амалга оширган ишлари учун ҳақ ёки барпо этган биноси учун ҳужжат расмийлаштириб берилмаганлиги ҳолатлари учрайди.
Ваҳоланки, тадбиркор ишониб бажарган иш учун ҳақ тўлашнинг ҳуқуқий асоси мавжуд эмас, шунингдек, мансабдорга ишониб тадбиркор томонидан ҳудудни обод этиш акцияси доирасида барпо этилган бино ҳам ҳужжатсиз ва ноқонуний қурилмадир.
Ушбу ҳолатлар таҳлил қилинганда, тадбиркорга кўрсатма бериш ваколатига на туман, на вилоят миқёсидаги раҳбарлар эга эмаслар. Берган топшириқлар эса, қонунга мувофиқ эмаслиги аниқланган.
Масалан, сайёр қабулда тижорат банкини фуқарога кредит беришга мажбурлаётган мансабдорнинг топшириғини олайлик.
Бир томондан олиб қаралса, тўғри, хайрли иш, фуқарони кредит муаммоси жойида ечилди, дейилади. Лекин ушбу ҳолат ўз-ўзидан қонунларимизга зид. Чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам кредит шартномаси икки томонлама ва ҳар икки томоннинг хоҳиш иродасидан келиб чиқиши ҳамда тадбиркорлик субъекти бўлган банкларнинг ҳам зиёнига ишламаслиги, шартнома эркин тузилиши даркор. Бу ҳолат ҳам топшириқ тизимига ёпишиб олган мансабдорликнинг салбий одатидир.
4. Тадбиркор ва мулкдорнинг ҳуқуқ, манфаат ва кафолатлари иқтисодий судларда тўла таъминланмаётир.
Аввало, суд-ҳуқуқ соҳасидаги бугунги давлат сиёсати, олиб борилаётган ислоҳотлар адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга, судларда қарор чиқариш билангина чекланмасдан том маънода низоларни ҳал этишга, судга мурожаат этаётганларни суд, жамият ва давлатдан имкон қадар рози этишга қаратилган.
Шу асосда бугунги иқтисодий судлар беш-олти йил аввалги хўжалик судларига нисбатан анча ижобий фарқ билан прогрессив, очиқлик, шаффофлик, судьяларнинг ҳам моддий, ҳам ижтимоий мустақиллиги таъминлангани билан изоҳланади.
Лекин, қанчалик оғриқли бўлса ҳам, айтиш керакки, ҳали тадбиркорнинг судга қўяётган талабини тўла оқлай олганимиз йўқ. Яъни тадбиркорнинг, мулкдорнинг ҳуқуқ ва кафолатлари иқтисодий судларда тўла таъминланмоқда, десак баланд парвоз гап бўлиб қолади. Демак, фактик ҳолат худди айрим мансабдорлар ҳали-ҳамон судларга тепадан туриб қарашини қўймаётгани каби бир ҳолат ёки аксиомадир.
Негаки, ушбу ҳолатлар юқорида айтганим каби қонунчилик билан чамбарчас боғлиқ. Мисол учун, бир даъвогар судга жавобгар бўлган иккинчи тараф – давлат ташкилотига ижара шартномасини узайтириш мажбуриятини юклашни сўради.
Биринчидан, эндиликда мулк ижараси фақатгина аукцион савдолар орқали реализация қилиниши фармон асосида белгиланганлиги барчамизга маълум.
Иккинчидан, «Ижара тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва Ўзбекистон Республикаси ФКда мулкдан фойдаланиб келаётган ижарачи ўша мулк ижарасида имтиёзли ҳуқуққа эга. Айтингчи, бундай ҳолатда суд қандай қарор қабул қилади?..
Ўзбекистон ССП ва унинг тизимлари судларда тадбиркорларни ҳимоя қилувчи энг фаол ташкилотдир. Маълумотларга кўра, ушбу ташкилот томонидан жорий йил 6 ойи давомида берилган 5980 та даъво аризанинг 50 тасида ҳам шу ташкилот вакиллари иштирок этишмаган бўлса, берилган даъволарнинг 149 таси қаноатлантиришдан рад этилган. Бундай ҳолатда амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, суд харажатларини манфаати кўзланган шахс – тадбиркорлик субъекти тўлайди.
Сизнинг-ча, ССП ёки унинг бошқармаси судда низони бой берса, гарчи бу қонунларда кўрсатилган бўлсада, суд харажатини тадбиркор қоплаши адолатлими? Шундан сўнг тадбиркор суддан рози бўладими? Албатта йўқ?
Яна бир мисол…
Бизнес омбудсман ҳам бир тадбиркор манфаатида иккинчи бир тадбиркорни судга берди, дейлик. Бу каби ҳолатлар ҳам тадбиркорлик субъектларининг тенг ҳуқуқлийлиги тамойили судда бузилаётганидан далолат эмасми?
Ҳали-ҳануз судларда прокурор икки тадбиркор ўртасидаги шартномавий муносабатлардан келиб чиққан низолар бўйича ҳам протест келтириши мумкин. Ушбу ҳолат судда тарафлар тенглиги, суд тортишуви тамойилларига мосми? Жавобингиз аниқ…
Шунингдек, иқтисодий судда иш юкламаси кўп, албатта ушбу омил ҳам ўз-ўзидан суд процессини вақтида ўтказиш ва суд қарорларининг сифатига, тадбиркор ва мулкдорнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир этмай қолмайди.
Афсуски, бу каби ҳолатлар етарлича, демак, тадбиркор ва мулкдорлар муаммоларини судларда тўла ҳал этиш юзасидан ҳали қиладиган ишларимиз кўп.
5. Тадбиркор ва мулкдорга қараш жуда секин ўзгармоқда
Бир тарафдан, юқорида айтганимиздек, тадбиркор ва мулкдор, улар фаолияти билан боғлиқ қонунда йўқ топшириқлар, қонундан устун кўрсатмалар, мажбурий-ихтиёрий ҳомийлик ва бошқалар каби топшириқ ва кўрсатмалардан ортиб, соҳа фаолиятида қонун бошқаруви тизимига тўла ўта олмаётганлигимизни исботлаш шарт эмас…
Яхшиямки, «бизга катта мулкдорлар керакмас», дея айтилган, Конституцияга зид бўлган жумла ва қарашларга давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси билан чек қўйилди.
Иккинчи тарафдан тадбиркорларнинг тадбиркорлик фаолиятига қараши…
Масалан, янги ташкил этилаётган кичкинагина тадбиркорлик субъектини олайлик, «10 та тикув машинаси билан 10 та иш ўрни яратаман, гуллатаман», деб интервью беради ёки 100 000 000 сўм даромад олган тадбиркор тўй қиламан, автоўлов оламан, Ҳажга бораман, дейди. Аслида, биринчи мисолда 10 та иш ўрни эмас, у 10 кишини вақтинча иш билан бандлигидир, иш ўрни бевосита тадбиркорликни юриб кетиши ва даромади билан боғлиқ мезонлар асосида ўлчаниши, иккинчи мисолда эса, даромад олган тадбиркор фаолиятни кенгайтириш, янгича йўналишлар, креатив ёндашув ва экспорт, жаҳонга чиқиш ҳақида ўйлаши мақсадга мувофиқдир.
Демак, ҳозирча хулоса ўрнида шундай фикр билдириш мумкинки, хусусий мулк ва тадбиркорликка оид қонунлар имкон қадар мукаммал бўлиши, унда урғу кўпроқ тартиб ва чекловларга эмас, балки ҳуқуқ ва манфаатларга берилиши лозим. Яъни бу соҳада қонун нормалари ишни қандай тартиб асосида ташкил қилишга эмас, аксинча, натижани қандай қилиб таъминлашга қаратилиши даркор.
Шунингдек, қонун ости ҳужжатларидан қўрқмай воз кечилиши, судлар ҳам тадбиркорнинг тўла ишончини оқлайдиган даражада барча шарт-шароитлари мустақил бўлиши, тадбиркор ишончини оқлаш даражасида куч-қудратли бўлиши, охирги нуқтани суд қўяди, деб баралла қўрқмай айта олиши, кундалик одатга айланиши ва ниҳоят, давлат органлари, уларнинг мансабдорлари ҳам ва айнан тадбиркорларнинг ўзлари ҳам хусусий мулк ва тадбиркорга, шартномавий муносабатларда ўзаро ҳурмат ва интизомга риоя этиши шарт.
Бундай қарашнинг замирида тадбиркорни давлат органи билан боғлаб турувчи тизим фақатгина солиқ бўлиши, солиқдан бошқа ҳеч қандай юкламалар, айниқса, тадбиркорлар йиғилиш, ҳомийликка жалб этилувчи субъектлар қаторида бўлмаслиги, тадбиркор давлат бюджетини тўлдириш бирламчи, сўнгра тадбиркорлар ва мулкдорлар манфаати, деган қарашлардан воз кечиши лозим.
Тадбиркор манфаати – жамият ва давлат манфаати, натижада аҳоли фаровонлиги, давлат тараққиёти деган қарашлар устувор бўлишига эришиш илғор давлатларнинг қийин, аммо хайрли тажрибасидир.
Нуриддин МУРОДОВ,
Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси