«ЭГАЛИК ҲУҚУҚИ БЕКОР ҚИЛИНГАНДИ, БИРОҚ…»

— Ўгай акам мен ва онамнинг розилигисиз биз яшаб турган уйни ўз номига ўтказиб олган эди. Яқинда суд орқали эгалик ҳуқуқи бекор қилинган бўлса-да, у ҳовлида қурилиш қилгани учун кетишни хоҳламаяпти. Ҳовли раҳматли отамнинг номида. Акамнинг ўз уй-жойи бор, лекин «отамдан қолган уй», деб ҳақ талашяпти. Бу вазиятда бизга нима маслаҳат берасиз?

Исми сир тутилди

Муқаддам ГУЛАМОВА, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди раиси:


— Фуқаролик кодексининг 1112-моддасига кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, шунингдек ушбу Кодексда белгиланган бошқа ҳолларда амалга оширилади.


Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига мувофиқ, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.

 

Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.


Юқорида кўрсатилган қонун талабларига кўра, мерос қолдирувчининг фарзандлари, эри (хотини) ва ота-онаси биринчи навбатдаги меросхўр бўлиб, мерос қабул қилиб олишлари учун уй-жой жойлашган ҳудуддаги нотариал идорага мурожаат қилишлари лозим бўлади.


Бундай ташқари, баён қилган ҳолатларга кўра, савол муаллифининг ўгай акаси уй-жойда яшаб келган кўринади.


Уй-жой кодекси 32-моддасига мувофиқ, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.


Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган оилали фарзандлари ва уларнинг эр-хотини, агар улар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлса, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзолари деб тан олиниши мумкин.