“БИР ОЙДА КЕЛТИРИБ БЕРАМАН…”

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади, дейди доно халқимиз.Афсуски, буни ҳамма ҳам бирдек ҳис қилавермайди. Ёки бу ҳаётий ҳақиқатни тан олишни истамайди.

 

Мирзо Улуғбек туманининг Сайрам кўчасида истиқомат қилувчи Дониёр Кабиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам 2019 йилда қўл урган фирибгарлиги учун орадан икки йил ўтгач қонуний жазога тортилди.

Гап шундаки, темир қувур маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи фуқаро Абдухалил Узоқов 2017 йилда Дониёр билан танишиб қолади.

 

Ўша пайт­­да Д. Кабиров Олмазор туманидаги темир маҳсулотлари омборида ишларди. Шундан буён улар иш юзасидан гаплашиб, салом-алик қилиб юришган. 2019 йилнинг август ойида икковлон яна эски мавзуда суҳбатлашиб қолишади. Суҳбат асносида Дониёр А. Узоқовнинг кўп миқдорда, улгуржи нархда қувур сотиб олмоқчи эканлигидан хабар топади. 

 

– Хоҳласангиз, ўзим бир ойда келтириб бераман, сизга арзонга тушади, – дейди у.

Аввалдан танигани ва олди-берди қилиб юргани боис Абдухалил ака унга ишонади, таклифга рози бўлади. 

 

2019 йил сентябрь ойининг бошларида А. Узоқов Яккасарой туманидаги “Сафо” тиббиёт клиникаси ёнида келтирилажак маҳсулот учун олдиндан 49 000 АҚШ долларини санаб беради. Лекин Дониёр бир ойлик муддат ўтиб кетса ҳамки ваъдасини бажармайди. Аксинча, гоҳ у, гоҳ бу важни рўкач қилиб, харидорни лақиллатиб юраверади. Шу тариқа А. Узо­қов беш ойгача – 2020 йилнинг март ойига қадар ҳам пулларини қайтариб ололмайди. Фақатгина 2020 йил 1 март куни Дониёр ундан темир қувурлар етказиб бериш учун 49 000 АҚШ доллари олганлиги ҳақида тилхат ёзиб беради, холос. Бироқ шундан кейин ҳам олган пулларини қайтармайди.

 

Буни қарангки, Д. Кабиров 2019 йилнинг 10 ноябрь куни фуқаро Санжар Нурматовни ҳам чув туширган экан. Яъни, Санжарга ҳам арзон нархда, сифатли темир қувурларни бир ой муддатда келтириб беришни ваъда қилади фирибгар. Шу мақсадда Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳкўчасидаги 17-уйнинг олдида унинг укаси Санъат Нурматовдан 25 000 АҚШ долларини олади. Аммо худди А. Узоқов сингари С. Нурматовни ҳам лақиллатиб юраверади. Қачонки, пулини қайтаришни талаб қилавергандан кейингина – 2020 йил 19 март куни чиндан ҳам Санъат Нурматовдан шунча миқдорда пул олганлигини тасдиқлаб, тилхат ёзиб беради. Берган ваъдаси эса ваъдалигича қолиб кетаверади.

 

Шундан кейин иккала жабр­ланувчи ҳам туман ИИБга ариза билан мурожаат қилишади. Натижада тилга олинган ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди Д. Кабировни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди.

 

Агар юқоридаги жиноят омилига назар ташласак, бунга ўхшаш ҳолатлар юзасидан жиддий чора-тадбирлар кўриш, яъни масалага дахлдор шахсларнинг масъулиятини, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини ошириш лозимлиги аён бўлади. Қолаверса, Дониёр Кабиров сингари фирибгарларнинг тузоғига илинмаслик учун “Сув кўрмай этик ечма!” қабилида иш тутиш зарур. Айни ҳолатда жабрланувчилар фирибгар билан аввалдан таниш бўлганлари боис унга ишонишган. Аммо доно халқимизнинг “Ишонган тоғда кийик ётмас” деган нақлини ҳам унутмаслик лозим.

 

 Санжар АБДУҒАНИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман

судининг судьяси