“ЭРИМ ҲАҚОРАТЛАШДА ДАВОМ ЭТЯПТИ, ҚАНДАЙ ЧОРА КЎРИШ МУМКИН?”
“Ажрашган бўлсам ҳам собиқ турмуш ўртоғим билан бир хонадонда яшаб келаман. У менга шаъним ҳамда қадр-қимматимни камситувчи турли гаплар гапириб, ҳақорат қилади. Уни ҳақоратлари юзасидан бир маротаба тегишли ташкилотга ариза ҳам ёздим ва у маъмурий жавобгарликка тортилиб, жарима жазоси тайинланди. Шунга қарамай, собиқ турмуш ўртоғим мени ҳақоратлашда давом этмоқда. Унга яна қандай чора кўриш мумкин?”
Исми сир тутилди
Бобомурод КАРИМОВ, жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди судьяси.
Қасддан таҳқирлаш нималарда ифодаланади?
Ҳақорат қилганлик – шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш жабрланувчига нисбатан содир этилган ҳар хил ҳаракатларда, масалан, уят гаплар билан сўкиш, турли ҳақоратли сўз ва ибораларни ёзиш, бетга тупуриш, бадани билан ахлоқсиз ҳаракатлар ёки имо-ишоралар қилиш ва ҳоказоларда ифодаланади.
Шахснинг шаъни ва қадр-қимматига қарши айтилган ҳақоратомуз сўзлар нафақат инсоннинг ахлоқий ҳиссини камситади, балки айбдор томонидан умуминсоний қадриятлар эгаси саналган индивиднинг муомала борасидаги қадрини инкор этади. Шунинг учун, жиноят ҳуқуқига дахлдор бўлмаган қилмишлар (бошқа шахсни ёқтирмаслик, хушмуомалалик, эътибор қаратиш ва ҳоказолар)дан фарқли ўлароқ, ҳақорат инсонлар билан муомала қилишнинг умум қабул қилинган қоидаларини қўпол равишда бузади, ахлоқ нуқтаи назаридан беадаблик саналади. Шу маънода, ҳақоратнинг бевосита объектини, фикримизча, шахснинг атрофдагилардан ўз қадр-қиммати тан олинишини талаб қилишдан иборат субъектив ҳуқуқи ташкил қилади.
Маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил ичида такроран содир этилса…
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддасига асосан ҳақорат қилган шахсга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил ичида такроран содир этилса ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 140-моддаси 1-қисмига кўра жиноий жавобгарлик белгиланади ва айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Бир йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади, қачонки…
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 140-моддаси 2-қисмига кўра, нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилинган ҳаракатлар тўғридан-тўғри жиноят ҳисобланади ва айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисмига кўра, ҳақорат қилиш жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ёки хавфли рецидивист томонидан ёки туҳмат қилганлиги учун илгари судланган шахс томонидан қилинган бўлса, айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.