СИНГЛИСИНИ ЙЎҚ ҚИЛИШ УЧУН ҚОТИЛ ЁЛЛАГАН АЁЛГА НИСБАТАН ҲУКМ ЎҚИЛДИ
Дунёда бир-бирига опа-сингилдек яқин зот бўлмаса керак. Чунки бирга ўтириб қолганда гаплашиб гапи тугамайдиган, бошқаларга айтолмайдиган сир-асрорларини бир-бири билан бўлишадиган опа-сингиллар эмасми, ахир? Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, ҳамма туғишганлар ҳам биз ўйлаганчалик меҳр-оқибатли эмас экан…
Келишмовчиликлар юзага келади
Ҳалима (исмлар ўзгартирилган) ўзининг туғишган синглиси Гулсара билан биргаликда, умумий хўжалик асосида яшаб келишган. Кейинги вақтларда уларнинг ўртасида шахсий ҳаётга тааллуқли низолар ва ўзаро келишмовчиликлар юзага келади. Синглисининг ғиди-бидиси жонига теккан Ҳалима муаммонинг ечимини синглисини қасддан ўлдириш, деб ҳисоблайди. У жиноий мақсадини амалга ошириш учун режа тузиб, қотилликни 5 000 АҚШ доллари эвазига, муқаддам қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этиб, жазо муддатини ўтаб чиққан таниши Холида орқали амалга оширмоқчи бўлади.
“Синглимдан қутулиш йўлларини қидирдим…”
Судланувчи Ҳалима суд мажлисида айбига қисман иқрор бўлиб, қуйидагиларни маълум қилди:
– Синглим билан 2019 йилга қадар иноқ яшадик, топганимиз ўртада, сеники-меники, деган гап йўқ эди. 2010 йилда синглим Намангандан менинг олдимга, Тошкентга келди. У билан биргаликда ишлаб, жамғарган пулимизга уй сотиб олдик. Шу ерда мен, қизим ва Гулсара бирга яшай бошладик. Биз бозорда совун ва хўжалик маҳсулотларини сотиш билан шуғулланардик. Ёз ойларида Зоир исмли шахс билан танишиб қолдим. Зоир ўзининг автомашинасида менга ва синглимга тегишли юкларни айтилган жойдан олиб келар ва бозорга етказиб берар, шу орқали тирикчилик қиларди. Бора-бора Зоир билан ўртамиздаги муносабатлар чуқурлашиб, яқин инсонларга айландик. Менинг бу ишим Гулсарага ёқмади. У мендан ҳам, Зоирдан ҳам учрашмасликни талаб қилиб, жанжал кўтарди. Мен унинг гапларига эътибор бермай, ўз билганимдан қолмадим. Бу Гулсаранинг баттар жаҳлини чиқарди. У шахсий ҳаётимга аралашиб, мени камситадиган, шахсиятимга тегадиган ахлоқсиз сўзлар билан ҳақоратлайдиган бўлди. Шу орада бачадонимда пайдо бўлган миомани олдириб, жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказдим. Шифохонадан чиққанимдан кейин ҳам Гулсара билан орамизда каттагина жанжал бўлиб ўтди. Шундан кейин ундан қутулиш чораларини излай бошладим. Холида Сафаровадан 5 000 АҚШ доллари эвазига синглимни ўлдириб, жасадини йўқотиб беришни илтимос қилдим…
Режа амалга ошмади
Ҳалима Холида билан учрашиб, унга 5 000 АҚШ доллари эвазига синглиси Гулсарани қасддан ўлдириш ва унинг жасадини йўқотиб бериш таклифини беради. Холида содир этиш учун таклиф этилаётган бу жиноятнинг оқибати жуда оғир ва мушкул эканлигини айтганида, Ҳалима ундан ушбу қотилликни амалга оширишда бошқа шахсни топиб беришни илтимос қилади. Холида билдирилган таклифни ўйлаб, натижасини эртага айтишини маълум қилади. Сўнг бу ҳақда таниши Вазирага айтади. Улар ўзаро маслаҳатлашиб, Гулсаранинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида, Ҳалима томонидан режалаштирилаётган жиноий ҳаракат ҳамда унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраб, Юнусобод туман ИИО ФМБ раҳбарияти номига ариза билан мурожаат қилишади.
“У бегонага айланди…”
Судда жабрланувчи сифатида сўралган Гулсара қуйидагиларни билдирди:
– Судланувчи Ҳалима туғишган опам бўлади. Шу пайтгача иккаламиз бир уйда аҳил ва иноқ яшаб келаётгандик. Опам Зоир билан танишиб, учрашишни бошлаганидан кейин батамом ўзгарди. У бизга бегона одамга айланди. Оилали эркак билан учрашиб юриши, уйга келмай қолиши менга ёқмади. Унга бўй етган қизи борлигини, бу иши нотўғрилигини тушунтирмоқчи бўлдим. Зоирга ҳам бу ҳақда гапирдим. Аммо улар ўз билганларидан қолишмади. Менинг бор айбим шу… Айни кунда опамни кечирдим, унга нисбатан даъвом йўқ. Жазо тайинлашда опамга енгиллик беришларингизни сўрайман.
Жазо тайинланди
Ҳалима ЖКнинг 25,97-моддасининг 1-қисми билан жиноят содир этганликда айбдор деб топилди. Унга нисбатан ЖКнинг 25,97-моддасининг 1-қисми билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Фотима ИСМАИЛОВА,
жиноят ишлари бўйича
Юнусобод туман суди раис ўринбосари,
Лола Шоимова, журналист