ДУБАЙГА ФОҲИШАЛИК УЧУН АЁЛ СОТГАНЛАРГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ
Бир фуқаро (аёл) Бектемир туман ИИО ФМБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилади. Ўз аризасида икки нафар аёл уни алдаб, Дубайга фоҳишалик билан шуғулланиш учун юбораётганлигини маълум қилган…
Гап шундаки, уч нафар аёл бир гуруҳ бўлиб аризачига Дубайдаги меҳмонхоналарда фоҳишалик билан шуғулланиш орқали моддий маблағ орттиришликни таклиф қилишади. Фуқаро уларни таклифига розилик бергунга қадар эса учиб кетиш ҳужжатларини тайёрлаб қўяди. Аризачидан фойдаланиш мақсадида яъни, уни ёллаш – фоҳишалик билан шуғулланиши учун Дубайга юбораётган вақтларида Тошкент ҳалқаро аэропортида тезкор тадбир давомида қўлга олинган.
Аёллардан икки нафари 49 ёшни қоралаган, учинчиси эса 69 ёш. Ҳар бири икки нафар фарзанднинг онаси. Энг ҳайратланарлиси шундаки, 49 ёшли аёллардан бири муқаддам қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш жиноятини содир қилиб судланган. Хулоса қилиб, тўғри йўлдан юриш ўрнига яна боши берк кўчани танлагани кишини ўйга толдиради.
“Нима қилишимни билмай, Бектемир туман ИИО ФМБга бордим…”
Суд мажлисида ҳар уччаласи айбига қисман иқрорлик билдирди. Сўроқ қилинган жабрланувчи эса қуйидагиларни маълум қилди…
— Қизимнинг операцияси учун ордер олти ойдан сўнг берилишини билгач, уйга йиғлаб кетаётган вақтимда уч йилдан буён таниш бўлиб қолган 49 ёшли аёлни кўриб қолдим. Саломлашганимда кўнглим бузулганини сезиб, нимадан ҳафа эканимни сўради. “Қизимнинг операцияси учун пул керак. Тайинли жойда ишламасам, бирор танишингиз бўлса ишга жойлашишимда кўмак беринг”, дедим. Шунда у эгизак опасининг таниши борлигини, у Дубайдаги меҳмонхонада Ўзбекистондан борган ёш қизларни фоҳишалик билан ишлатишини айтди. Агар хоҳласам шу таниши орқали мени Дубайга юборишини ва яхшигина даромад топишим мумкинлигини билдириб, розилигимни сўради. Қизимнинг операцияси учун пул жуда зарурлиги боис фоҳишалик билан шуғулланишга ҳам рози эканимни маълум қилдим. Шу куниёқ танишимнинг опаси қўнғироқ қилди. Ҳужжатларни ўзлари тайёрлашини ва Дубайга бориш учун кетадиган харажатларни тўламаслигимни айтди. Бир ойда 1000 АҚШ доллари атрофида пул топишимни, фақат иш топиб беришгани учун уларга ҳар ойда 250 АҚШ доллари бериб туришимни билдиришди. Гапларини эшитиб, “ўйлаб кўраман”, дедим.
Шу куни опа-сингилларнинг таниши қўнғироқ қилди. 69 ёшли бу аёл мени Дубайга ўзи жўнатишини, иш билан таъминлашини ва мижозларга қандай “хизмат кўрсатишим”ни тушунтирди. Уйимга эса эгизак опа-сингилларнинг кичиги келиб, чет элга чиқишга рухсат берувчи паспортимни унга беришимни, Дубайда депортим бор ёки йўқлигини текширишини айтди. Шу сабабли унга паспортимни бердим, кетди.
Эртаси куни 69 ёшли аёл қўнғироқ қилиб, депорт аниқланмаганини, Дубайга учиб кетишим учун самалётга чипта олганини ва суғурта ҳужжатларини ҳам тайёрлаб қўйганини айтди. Гапларини эшитиб, “қандай қилиб, розилик билдирмасимдан аввал ҳужжатларимни расмийлаштирдингиз?” дея сўраганимда аёл “розилик ҳам кутиб ўтирмаймиз, буни ўйин деб ўйласангиз хато қиласиз. Учишга тайёр туринг”, деганида жахлим чиқиб телефонни ўчириб кўйдим. Аёлнинг гапларини текшириш мақсадида опа-сингилга қўнғироқ қилганимда тасдиқлашди. Улардан бири агарда Дубайга кетадиган бўлсам, кетгунимга қадар паспортим уларда туришини айтганида жахлим чиқиб, уларни ҳақоратладим. Жаҳл устида уларнинг олдига йўл олдим. Кетаётган вақтимда ўйин қилишаётганлигини билиб, опа-сингиллар билан ўртамизда бўладиган суҳбатни ёзиб олиш учун диктафон ёқиб қўйдим. Ҳужжатларни расмийлаштириш учун маълум миқдорда пул сарфлашганини, эндиликда ушбу пулларни тўлаб беришим кераклигини айтишди. Эртаси куни яна уларнинг олдига бордим, паспортимни қайтариб беришди.
Сўнг опа-сингиллар тинмай қўнғироқ қила бошлашди. Кечга яқин қўнғироққа жавоб берган вақтимда гаплашиб олишни таклиф қилишди. Олдиларига кетаётган вақтимда суҳбатни ёзиб олиш учун диктафонни ёқиб олдим. Нима сабабдан Дубайга бориб фоҳишалик билан шуғулланишдан бош тортаётганимни, ҳужжатлар расмийлаштирилгани, бориб пул ишлаб келишимни айтишди. Агарда Дубайда улар учун фоҳишалик билан шуғулланмасам, Тошкентда опа-сингилларнинг қўлида фоҳишалик қилиб, пулларни тўлаб беришимни айтишди…
Орадан бир неча кун ўтиб, 69 ёшли аёл қўнғироқ қилиб, тиббий текширувлардан ўтишим учун эгизак опага пул жўнатганини, барча тиббий текширувлардан ўтиб Дубайга кетишга тайёр туришимни айтди. Нима қилишимни билмай, Бектемир туман ИИО ФМБга бордим…
Тезкор тадбирга кўра, эгизак опа билан учрашиш учун Тошкент халқаро аэропортига бордим. Ўша ерда коронавирус текширувларидан ўтдим, ҳақини эгизак опа ёнидан тўлади, хайрлашиб кетдик. Шу куни яна қўнғироқ қилиб, бир мижозга “хизмат кўрсатиб”, унга пул ишлаб кетишим кераклигини айтди. Унинг уйига борганимда нотаниш эркак спиртли ичимлик ичиб ўтирганини кўрдим. Уларнинг олдига киришдан аввал диктафонимни ёқиб қўйдим. Эгизак опа ва нотаниш эркак Дубайда қандай ишлаш кераклиги, агарда айтилган ишларни қилмасам ўзимга ёмон бўлишини дўқ қилиб тушунтиришди. Мендан Дубайга фоҳишалик билан шуғулланиш учун эмас, балки дўконда сотувчилик қилиш учун кетаётганим тўғрисида тилхат ёзиб беришимни сўради, ИИО ФМБга берган аризам юзасидан ҳолатлар текширилаётгани маълум бўлиб қолмаслигини олдини олиш учун тилхат ёзиб бердим. Улар сарфлаган пулларни Дубайда “ишлаб” қопламагунимга қадар белгиланган хонадан чиқмаслигим ва топган пулимни қўлимга олмаслигини айтишди. Эртаси куни тонгда эгизак опа билан бирга Тошкент халқаро аэропортига бордим. Шунга қадар эгизак сингил телефонда алоқада бўлиб, қаерда эканим, нималар билан шуғулланаётганимни билиб туришди. Шу тариқа тазкор тадбир давомида улар қўлга олинди.
СУД ҲУКМ ҚИЛДИ
Эгизак опага Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 2-қисми “е” банди билан айбли деб топилди ва ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. ЖКнинг 60-моддасига мувофиқ, жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судининг 2020 йилдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 131-моддаси (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 2-қисми билан тайинланган озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган озодликни чеклаш жазосини қисман қўшиш йўли билан унга 3 йил 1 ой муддатга озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчи суд залидан қамоққа олинди.
Эгизак опага эса 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, суд залидан қамоққа олинди.
69 ёшни қарши олган судланувчига эса 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Умиджон ХАКИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Бектемир туман суди судьяси