ҚАЙНОНАСИ ВА РАФИҚАСИНИ ПИЧОҚЛАГАН ЙИГИТГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Cудланувчи Ихтиёр (исми ўзгартирилган) турмуш ўртоғи Холида уни ташлаб кетиб, фарзандини бермагани, қайнонаси Санобар эса қўпол муносабатда бўлгани сабабли, ўч олиш мақсадида  уларни шафқатсизларча пичоқлайди. Оқибатда олган тан жароҳати туфайли ҳар икки аёл оламдан ўтади…

 

“Рафиқамнинг хулқи ёмон эди…”

Судланувчи Ихтиёр суд мажлисида айбига қисман иқрор бўлиб, қуйидагича кўрсатма берди:

– Холида билан 2014 йилда танишиб, уни яхши кўриб қолганман. Ўшанда у холасининг уйида яшарди. Оиласидагилар билан муносабати яхши бўлмагани учун турли жойларда яшаб юрарди. Одамлар уни хулқи ёмон қиз, деб таърифлашларига қарамай, ёқтириб қолганим учун уйланмоқчи бўлдим. Аммо онам бизнинг турмуш қуришимизга қаршилик қилди. Биз эса шаръий никоҳ ўқитиб, яширинча яшаб юрдик. Холиданинг ҳомиладорлиги маълум бўлгач, бу ҳақда онамга айтдим. У “ҳомиладор аёл уйсиз сарсон бўлмасин”, деб тўй қилишга рози бўлди. Тўй бўлди, қизим дунёга келди. Аввалига яхши яшадик, аммо кейинчалик Холиданинг онаси турмушимизга аралаша бошлагач, эр-хотин тез-тез урушиб қоладиган бўлдик. Хотиним синглим ва онамни ҳурмат қилмай қўйди. Охирги пайтларда ҳеч кимдан сўрамай, қизимни кўтариб кетиб қоладиган одат чиқарди. Охирги маротаба кетиб қолганида орқасидан борсам қизимнинг ранги-рўйи бир аҳволда экан. Уйга келиб, бу ҳақда онамга айтгандим, у холам билан бориб, рафиқам ва қизимни олиб келишини айтди. Онамга борманг, деганимга қарамай, уйдан чиқиб кетди. Орадан 5-10 дақиқа ўтгач, кўчадан онам билан қайнонамнинг бақирган овози эшитилди. Жаҳл билан ошхона пичоғини олиб, кўчага чиқдим. Кўчада қайнонам билан онам гаплашаётган, 5-6 метр узоқликда рафиқам қизимни кўтарганча кетаётган экан. Унинг орқасидан етиб олиб, бир неча маротаба пичоқ урдим. Буни кўриб, қайнонам югуриб келиб, менга ташланди. У мени хақорат қилгани алам қилиб, унга ҳам бир неча маротаба пичоқ урдим. Онам мени тўхтатиш мақсадида оёғимдан маҳкам ушлаб олди. Жаҳл устида неча маротаба пичоқ урганим эсимда йўқ. Кейин ўзимни ихтиёрий равишда ички ишлар ходимларига топширдим. Ҳозирда қилмишимдан пушаймонман…

 

“Ҳаммасига онасига айбдор…”

Суд мажлисида розилиги асосида гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган Дилобар қуйидагиларни маълум қилди:

– Судланувчи Ихтиёр ўғлим бўлади. У Холидани севиб қолиб уйланмоқчи бўлганида ҳақиқатан ҳам қаршилик қилганман, чунки ҳеч кимдан у ҳақда яхши гап эшитмадим. Аммо ўғлим “Холиданинг ҳеч кими, яшаш жойи йўқлигини, уни никоҳига олса савоб бўлишини айтиб, оёқ тираб туриб олди. Кейинчалик унинг ҳомиладорлигини эшитиб, тўйга рози бўлдим. Қуда тарафдан ҳеч ким тўйга келмади. То онаси пайдо бўлгунча ҳаммаси яхши эди. У келгандан кейин гап-сўз кўпайди. Ҳаммасига онаси айбдор…

 

“Куёв туҳмат қиляпти…”

Суд мажлисида сўроқ қилинган жабрланувчининг қонуний вакили қуйидагиларни баён қилди:

– Марҳумаларнинг бири қизим, иккинчиси набирам бўлади. Куёв туҳмат қиляпти. Набирамнинг хулқи ёмон бўлмаган, қизим ҳам у айтган даражада урушқоқ аёл эмасди, ҳаммаси туҳмат. Бу совуқ хабарни эшитиб, қизимнинг уйига келганимда, улар оламдан ўтганди. Ихтиёр қизим ва набирамни қасддан ўлдиргани учун унга энг оғир жазо берилишини сўрайман.

 

Жазо тайинланди

Судланувчи ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “а, ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилиб, унга нисбатан 21 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Элбекжон ТУРҒУНБОЕВ,

Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси,

 

Лола Шоимова, журналист.