НОЎРИН ШУБҲА-ГУМОНЛАР ЖИНОЯТГА ЕТАКЛАДИ
Ихтиёр Содиқов (исми-шарифлар ўзгартирилган) турмуш ўртоғи Комилова Хумора билан 2018 йилда никоҳдан ўтиб, Самарқанд вилоятида яшай бошлашди. Яхши ниятлар билан оила қурган эр-хотин бора-бора арзимаган нарса устида уришадиган-талашадиган даражага етишди. Бундай ур-тўполонлар жонига теккан Хумора қизлик уйига кетиб қолади…
Хиёнатда айблади…
Хумора Тошкент шаҳрида яшовчи қариндошининг уйига боради. Унинг Тошкентдалигидан хабар топган Ихтиёр хотинининг ортидан таъқиб қилиб, пойтахтга келади. Тахминан соат 21:00 ларда у билан учрашади. Уни ўзи ижарага олган Сирғали туманидаги хонадонга таклиф қилади. Хотинига «ўша ерда ажрим масаласини ҳал қиламиз», дейди. Ижара уйда Хуморанинг телефонини титкилаган Ихтиёр уяли телефон аппарати хотирасидаги фотосуратлар орасида унинг бегона эркак билан тушган суратлари ва «SMS» ёзишмаларини кўриб, Хуморани хиёнатда айблайди. Рашк оқибатида ўзаро жанжаллашиб, юз ва танасининг турли қисмларига уриб, чойшаб билан бўйин соҳасидан бўғиб, қасддан тан жароҳати етказади. Хуморани бўғилган ҳолатда суратга тушириб, “Телеграм” мессенжери орқали контактида бўлган одамларга, шу жумладан онаси ва холасига ҳам юборади…
Тан жароҳати етказди
Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, аёлнинг танасида – чап кўз олмаси контузияси, ўнг ва чап кўз оқсил қаватига қон қуйилиши, ўнг ва чап кўз қовоқлари, бўйин ўнг ва чап юзалари чап пешона соҳаси, юқори ва пастки лаб, бурун эгар қисми шилинмалари, пешона соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг ва чап кўкрак бези соҳаси, чап елка, чап сон, чап болдир соҳалари жароҳатлари аниқланган. Ушбу тан жароҳатлари қаттиқ ўтмас жисм таъсирида етказилганлиги, бу жароҳатлар соғлиқнинг қисқа қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил тан жароҳатлари турига кириши, аниқланган.
“Жиноят” устида қўлга туширмоқчи бўлди
Бундан ташқари, Ихтиёр Содиқов ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, турмуш ўртоғи Хумора Комилова вақтинча яшаб келаётган Юнусобод туманидаги хонадон эшигини ўзида бўлган захира калит ёрдамида очади. Маст ҳолда уйга ғайриқонуний равишда кириб, ошхонада турган пичоқ билан қуролланади. Хонадон ётоқхонасидаги кароват остига яшириниб, Хуморанинг қайтишини кутади. Гўёки Хумора уйга жазмани билан қайтади, у эса хотинини “жиноят” устида қўлга олмоқчи бўлади. Бироздан сўнг спиртли ичимлик таъсирида каравот тагида ухлаб қолади…
Бегуноҳ инсон пичоқланди
Хумора Комилова турмуш ўртоғи Ихтиёр Содиқов уни уриб тан жароҳати етказганлиги ва доимий тажовузларидан қўрқиб, Сирғали туман ИИО ФМБга мурожаат қилади. Суриштирув ҳаракатларида иштирок этиб, тахминан соат 14 ларда Сирғали туман ИИО ФМБ тезкор ходимлари кузатувида вақтинчалик яшаш манзилига қайтиб келади. Хумора Комилованинг чақириғига кўра, ўз хизмат бурчини бажараётган, Сирғали туман ИИО ФМБ ЖҚБ тезкор вакили Худайқулов Б. хонадонни кўздан кечиради. Хотинининг бегона эркак билан кириб келганини кўрган, Ихтиёр Содиқов каравот тагида ётганча уларни кузата бошлайди. Фуқаролик кийимида бўлган Худайқулов Б. каравот тагини текшириб, у ерда яшириниб ўтирган Ихтиёрни тортиб чиқаради. Рашк ўти кўзини кўр қилган Ихтиёр Содиқов уни Хуморанинг жазмани, деб ўйлаб қўлидаги ошхона пичоғи билан қорин қисмига икки марта уриб, қасддан тан жароҳати етказади. Воқеа жойидан яширинмоқчи бўлганида мазкур ҳудудда хизмат олиб бораётган Тошкент шаҳар ИИББ ППХБ ходимлари томонидан қўлга олинади.
Ҳукм ўқилди
Ихтиёр Содиқов ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми ва 104-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилди. ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан М.Аслиддиновга ўташлик учун узил-кесил 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Фаррух ТЎРАХЎЖАЕВ,
Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси,
Лола ШОИМОВА, журналист