ТОШКЕНТДА 30 ЁШЛИ СОЛИҚЧИГА НИСБАТАН СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ
Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бугунги кунда ниҳоятда долзарб масала. Боиси коррупцияга оид бирор-бир ҳуқуқбузарлик, жиноятни содир этишдан ёки бунга шарт-шароитлар яратадиган бошқа ҳар қандай ҳаракатлар, порахўрлик, тамагирлик, ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун кескин курашилаётган бўлишига қарамай, боши берк “кўча”дан юришни истовчилар тез-тез учраб турибди. Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди томонидан кўриб чиқилган жиноят иши тафсилотлари бунинг исботи, дейиш мумкин.
Суд иши ҳужжатларига кўра, 30 ёшли судланувчи анча йиллардан буён Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ идоралари тизимида, 2020 йил сўнгидан эса туман Давлат солиқ инспекцияси (ДСИ)да бош инспектор лавозимида хизмат қилган. Давлат органининг ана шу мансабдорлик ваколатидан фойдаланиб, ноқонуний даромад топишни мақсад қилади. Яъни эгаллаб турган лавозимига кўра, хизмат мажбуриятларига туман ДСИдан солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган хўжалик юритувчи субъектларнинг банкротлик тўғрисидаги қонунида белгиланган тартибда солиқ тўловчини банкрот деб топиш тўғрисидаги (даъво) ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилиш ваколати берилганлигидан ғаразли мақсадда фойдаланади.
Жиноят иши тафсилотларига кўра, у туман ДСИ биносига келган МЧЖ раҳбари билан моддий манфаатга қаратилган суҳбатга киришади. МЧЖ раҳбарига корхонасида вужудга келган солиқ қарздорлигини йўқ қилиб бериш ва келгусида жамият раҳбари сифатида уни қайта овора қилмасликни ваъда қилади. Эвазига эса МЧЖ раҳбаридан 8.000.000 сўм миқдорида пора беришни талаб қилган.
Бош инспекторнинг ҳаракатлари ноқонуний эканини англаб етган МЧЖ раҳбари бу ҳақда Тошкент шаҳар ДХХга ариза билан мурожаат этади. Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида ўз хизмат хонасида пора тариқасида берилаётган 8.000.000 сўм миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Судланувчи судда айбига қисман иқрор бўлган…
“У пулни стол устига ташлаб кетди”
Судланувчи судда айбига қисман иқрор бўлган…
— Ишхонамга МЧЖ раҳбари келиб, ўзи раҳбарлик қилаётган жамиятнинг боқиманда қарздорлигини бартараф этишни ва жамиятни реестрдан чиқариш учун ёрдам беришни сўради. Унга жамият СТИРини айтишини ва ДСИдаги базадан қарздорлигини билиб беришимни айтдим. Жами 30 млн. сўм қарздорлиги бор эди. “Қандай қилиб ушбу қарздорликни бартараф қилиш ва жамиятни ёпиш учун қандай йўл тутай?” деб сўради. Унга қарздорликни бартараф этиш, жамиятни тугатиш ва банкрот қилиб беришимни билдирдим. “Ушбу хизматимга ҳақни кўнгилдан чиқариб беринг”, деганимда “8.000.000 сўм бераман”, деди, рози бўлдим. Кейин қўнғироқ қилиб, “туман ДСИга келдим”, деди. Хизмат хонамга чиқишини айтдим. “Ишингиз ҳал бўлмаяпти”, десам, стол устига пулни ташлади-да, чиқиб кетди. 8.000.000 сўмни олиб стол тортмасига қўйдим. Сўнг фуқаролик кийимида бир неча шахслар кириб, ўзларини департамент ходимлари деб таништиришди ва шу жойнинг ўзида криминалист томонидан қўлимдан суртма олинди. Олинган пулларини ўз хоҳишим билан тақдим қилишимни сўрашди. Ҳақиқатда учрашув давомида 8.000.000 сўмни олганимни маълум қилдим. Икки дона ҳар бири 100.000 сўмлик купюраларга шартли “ПОРА” сўзи ёзилганини кўрдим.
МЧЖ раҳбарининг ўзи 8.000.000 сўмни менга таклиф қилди. Ушбу маблағни мен талаб қилмаганман. Ундан пулни олиш ниятим бўлмаган. У пулни стол устига ташлаб кетди, ушбу маблағни МЧЖнинг қарзига тўлаб юбормоқчи бўлгандим. Ҳозирги кунда қилмишимдан пушаймонман.
Суд ишини кўриш жараёнида судланувчининг айби ўзининг айбига қисман иқрорлик билдириб берган кўрсатмасидан ташқари, сўроқ қилинган гувоҳларнинг кўрсатмалари билан ўз тасдиғини топди.
Алишер ЖАЛИЛОВ, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди раиси:
— Судланувчи Жиноят кодекси (ЖК)нинг 210-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 1 йил муддатга мансабдорлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,
Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан
алоқалар бўйича бош консультанти