ЧАҚАЛОҚ “БАҲОСИ” – 18 000 АҚШ ДОЛЛАР
2021 йил 10 август. Янгиҳаёт туман маркази. Ҳамма кундалик турмуш ташвишлари билан овора. Одамлар у ёқдан бу ёққа ўтиб турибди. Шу куни, шу атрофда ўтказилган махсус тадбирни – чақалоғини сотган аёл далилий ашё билан ушланганлигини кўпчилик сезмаган ҳам бўлиши мумкин.
…Нилуфар Қодирова (исм-фамилиялар ўзгартирилган)нинг икки нафар фарзанди бор эди. Эри билан ўртасидаги можаро туфайли Сирдарё вилоятининг Оқолтинига кетиб бир йилча ўша ерда юрди. Кейин Тошкентга қайтиб, ижарада яшай бошлади. Ўтган йил март ойида ҳомиладор эканлигини билгач,ўйланиб қолади. Ҳомилани
олдириб ташлашга эса маблағи йўқ. Ўйлай-ўйлай бир қарорга келади. Туғилажак боласини сотиб, эвазига уй-жой олишни режалаштиради. Кунларнинг бирида у Саида Мирзаева деган аёл билан танишади.
— Турмуш қурганимизга анча бўлди, лекин бефарзандман, – деди Саида ҳасратини айтиб.
— Кўриб турибсиз, ҳомиладорман, – деди Нилуфар “мижоз” топилганидан хурсанд бўлиб. – Агар хоҳласангиз, бола туғилса сизга беришим мумкин. Шу гап-сўзлардан кейин улар учрашиб туришди.
— Кўриб турибсиз, уйим йўқ. Болаларим билан қаерга боришни билмайман, – Нилуфар таниш аёлга мақсадини айтди.
— Агар уй олишга ёрдам берсангиз, боламни сизга бераман.
— Қаердан уй олмоқчисиз, – сўради Саида ундан.
— Пулини берсангиз ўзим топаман.
— Бўлмаса, Гулистондаги уйларнинг нархи билан қизиқиб кўринг, – таклиф киритади Саида.
— Сўраб-суриштирдим, – дейди навбатдаги учрашувда у. – 18.000 доллар экан. 7 август куни Нилуфарнинг қиз фарзанди дунёга келади. Саида уни кўргани олдига боради.
— Нима қарорга келдингиз, – илтимос оҳангида сўрайди Нилуфардан. – Савоб учун менга беринг. Ўзим боқиб, катта қиламан.
— Кейинги сафар савоб учун сизга ўғил туғиб бераман, – дейди муддаога кўчиб Нилуфар.
– Ҳозир уй олишим керак… Саида унинг ноқонуний ишига чора кўришларини сўраб тегишли жойга ариза ёзди. Уч кунлик чақалоғидан воз кечганлиги ҳақида тилхат ёзиб бериб, “эвази”га 18.000 АҚШ долларини биттама-битта санаб
олган Нилуфар Қодированинг қувончи узоққа чўзилмади. Унинг олдига фуқаро кийимидаги орган ходимлари келиб ҳужжатларини кўрсатишади.
— Бу ишингиз қонунга хилоф, — дея ҳужжат расмийлаштирадилар.
Суднинг ҳукми билан ўз зурриёдини сотган аёл 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Нилуфарнинг калта ўйлаб иш тутиши оқибатида вояга етмаган икки нафар фарзанди бугун ўзгалар қарамоғида. Ўзи эса қилмишига яраша “уйли” бўлди.
Баҳром ТАШПУЛАТОВ,
жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди раиси.
Равшан ШОДИЕВ, “Ўзбекистон овози” мухбири
(«Ўзбекистон овози» газетаси #22 (32716) / 01.06.2022)