АВТОУЛОВНИ ЖАРИМА МАЙДОНИДАН ЧИҚАРИБ БЕРИШ НАРХИ ҚАНЧА?
Турли “йўл”лар билан ишини хамирдан қил суғургандек ҳал қилмоқчи бўлганлар орамизда етарлича топилади. Бироқ у “йўл”нинг охири боши берк кўча эканини билганларида эса кеч бўлади…
Гап шундаки, 33 ёшли эркак бошқарувидаги автоуловини жарима майдонидан чиқариб бериш ва унга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомани Тошкент шаҳар ЙҲХБ ЙПХБ Маъмурий амалиёт бўлимига топширмаслик эвазига командирга 200 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
“Қилган ишимдан пушаймонман”
Суд мажлисида судланувчи айбига иқрор бўлди…
— Бир фуқарога тегишли автомашинани ишночнома асосида бошқариб, вилоятдан Тошкентга келдим. Танишларим билан кафеда овқатланиб, спиртли ичимлик ичдик. Сўнг танишларим билан бошқарувимдаги автомашинада кетаётган вақтимизда ЙПХ ходими тўхтатди. Тўхтаганимда спиртли ичимлик ичганлик ҳолатимни текшириш бўйича наркология диспансерга олиб боришди. Диспансернинг биносига кирган вақтимда ЙПХ ходими ичкарида одам кўплиги сабабли кутиб туришимни сўради. Ташқарида кутиб турганимда ЙПХ инспектори келиб, “нима бўлди?” деб сўради. Спиртлик ичимлик ичиб автомашина бошқарганим сабабли текширувга олиб келинганимни айтдим. Шунда инспектор ташқарига чиқишимни сўради. Чиқиб, инспектор билан бирга автомашинада ўтирдим. У менга ёрдам беришни айтди. “200 АҚШ доллари бера оламан”, деганимда экспертиза ўтказишдан бош тортганлигим ҳақида тилхат ёзиб беришимни сўради, ёздим. Сўнг ЙПХ ходимлари билан биргаликда жарима майдончага бирга бордик. Улар қандайдир ҳужжатларни расмийдаштира бошлашди. Бироз вақт ўтгач, ЙПХ ходими у ердан кетиб қолди. Жарима майдончасидаги қоровулдан ЙПХ ходимини сўраганимда кетганини айтди. Кейин у билан кўришиб, автомашинамни жарима майдончасида қолдирмаслик учун 200 АҚШ долларига келишилганлиги ҳақида айтганимда, у бироздан сўнг келишини айтиб кетди. Тахминан 30 дақиқалар ўтгач, у қайтиб келди. Шундан сўнг иккаламиз ЙПХнинг хизмат автомашинасига ўтирганимизда ваъда қилинган пул ҳақида сўради. “Ҳозир ёнимда 200 АҚШ доллари йўқ. 20 дақиқа кутиб турсангиз олиб келаман”, дедим. Бироқ у “кутишга вақтим йўқ”, дея жавоб қайтарди. Пулни эртаси куни айтилган манзилга олиб боришимни айтиб, ўз телефон рақамини ёзиб берди. Келишилган вақтда манзилга бориб, унга 200 АҚШ долларини олиб келганимни айтиб, пулни бердим. Бироз вақт ўтгач, биз турган жойга бир неча нотаниш шахслар келишди. Тезкор тадбир ўтказилаётганини билдириб, мени департамент биносига олиб боришди. Қилган ишимдан пушаймонман.
Судланувчи айбига иқрор бўлган бўлса-да, унинг айби далиллар билан исботланди.
Жарима жазоси тайинланди
Судланувчи Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва 50 баравари миқдорида яъни, 12 250 000 сўм жарима жазоси тайинланди.
Жаъфар КУРБАНОВ,
жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси