АЛИМЕНТ ОЛИШ УЧУН “ПРОПИСКА”ДАН ЧИҚИШ КЕРАКМИ?
— Ажрашиш учун судга ариза берганман. “Иккита болага алимент ҳам ундираман”, десам, эрим “уй “прописка”сидан чиқсанг, алимент тўлашга рози бўламан, бўлмаса додингни кимга айтсанг айтавер, бир сўм ҳам бермайман”, — деди. Менга нима маслаҳат берасиз?
Зарина, Тошкент шаҳри
Эльвира ХАМРАЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раис ўринбосари:
— Оила кодексининг 96-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Ушбу кодекснинг 116-моддасида вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар Оила кодексининг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 475-моддасига кўра, вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.
Жиноят кодексининг 122-моддасига биноан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фуқаролик процессуал кодексининг 34-моддасига биноан, алимент ундириш тўғрисидаги даъволар даъвогар томонидан ўзи яшаб турган жойдаги судга ҳам тақдим этилиши мумкин.
Сизнинг ҳолатингизда ўзингиз яшаб турган жойда жойлашган фуқаролик судига алимент ундириш ҳақида ариза (даъво ариза) билан мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжуд. Турмуш ўртоғингиз уйида доимий рўйхатда қолишингиз ёки рўйхатдан чиқиб кетишингиз ушбу ҳолатда ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Агарда турмуш ўртоғингиз болаларни моддий таъминлашдан бўйин товласа, юқоридаги жавобгарликка тортилиши белгилаб ўтилган.