OLX.UZДАГИ ОЛҒИР 24 НАФАР ЭЪЛОН БЕРУВЧИНИ ҚАЙ ТАРЗДА 300 МИЛЛИОНГА “УХЛАТДИ”?

ҚАРМОҚ

 

Бекорчининг хаёлларига нималар келмайди, дейсиз. Айниқса, у текинхўрликни, одамларни лақиллатиб, борини ўзлаштиришни, уларнинг ҳисобига кун кўришни афзал билса.

Содиқ Диёров (исм-шарифлар ўзгартирилган) уззу-кун ётавериб зерикди, нима дир “янгилик” қилишни истади. Телефонини титкила ди, турли сайтларга кирди, бўлар-бўлмас видеоларни томоша қилди. Яна титкилади.

Olx.uz! Шу сайтга кўзи тушиши билан лабининг бир чети иршайди. Ҳатто эртадан бери чўзилиб ётган жойидан сакраб турди. Ўзича хиргойи қилиб, бир эшилиб ўйнади-ей. Ва шу ондаёқ хаёлига келган мақсад сари илк қадамини ташлади. Маҳсулотини сотмоқчи бўлиб, сайтда эълон қўйганлардан бирининг рақамини босди. Нариги томондан лаббай, деган жавоб олгач сўз бошлади:

– Яхшимисиз, тикув машиналарингизни сотмоқчи экансиз?

– Ҳа, худди шундай, турли русумдаги 15 та машинкам бор, пул зарур эди, ҳаммасини бирдан ол ганга арзон нархда сотаман, – деди Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида истиқомат қилувчи Дилобар Ниёзова.

– Яқинда тикув цехи очгандим, агар уларни Тошкент шаҳрига олиб келсангиз, ўзим ҳаммасини сотиб олардим.

Таклиф сотувчига маъқул келди. Эртаси куниёқ товарларини машинага юклаб пойтахтга олиб келди.

– Синглим, минг бор узр, олдингизда хижолатдаман, сизниям овора қилдим… – уялган бўлди Содиқ. – Бир танишимда анчагина пулларим бор эди, сал муаммоси чиқиб қолибди, шунга…

Қўнжим пулга тўлиб қайтаман деган умидда бир вилоят наридан овораю сарсон бўлиб келган жувонгина ҳайрон эди. Қолаверса шунча манзилга шунча машиналарни яна қайтариб олиб кетиш харажатлари чаккимас.

– Агар рози бўлсангиз, бир ҳафтада пулларин гизни қилиб бераман, – унинг хаёлини бўлди олар ман. – Ишонмасангиз тилхат ҳам ёзиб бераман.

Аёл ноилож рози бўлди, 41,5 миллион сўмлик қийматдаги тикув машиналарини тилхатга алмашиб, Сирдарёга қайтди.

– Бунча содда бўлмаса-я, бу одамларимиз, – қўлига осонгина киритилган юкларни “Яндекс” хизмати кўмагида олиб қайтаркан мийиғида кулди у. – Шунча товарини битта тилхатга алмашиб кетди.

У ўзи да намоён бўлган “қобилият”идан мағрурланар, ҳадемай, мана буларни сотса қўлига тушадиган маблағлардан қувончи ичига сиғмасди.

– Давринг келди сур бегим, – деди ўзига ўзи машина суянчиғига бошини ташлаб ва яна дарҳол оlx.uzга шўнғиди.

ХАЙРИЯ НИҚОБИ ОСТИДА…

Яна бир эълонга кўзи тушиб, дарҳол қўнғироқ қилди. Ўзаро суҳбатдан сўнг, машинкалар ни тегиш ли жойда қолдирдию, иккинчи манзил – Юнусобод тумани Отчопар маҳалласи Бўзсув бўйи кўчасидаги хонадонлардан бирига йўл тортди.

– Бир одатим бор опажон, мол сўйиб, етимларга хайрия тариқасида тарқатиб тураман, – деди уни кутиб олган уй бекаси билан молхонага кетаётиб. – Бу қорамолингизни ҳам ўзим қиммат нархда сотиб оламан, фақат битта илтимос, пулини 10 кунда бераман. Савобимизга сиз ҳам шерик бўлинг, дуода қоласиз.

Таклифни рад этмоққа эндигина оғиз жуфтлаган аёл савоб сўзидан сўнг эриди-қолди. Қўлига тутқа зилган паспорт нусха ва тилхат эвазига 14 миллион сўмлик бир бош қорамолининг арқонини унга тутқазди…

Ишлари беш бўлаётганидан ҳаволанган Содиқ сайтдан чиқолмай қолди. Ўзибоп мижозлар ахтарар, улар билан савдолашар, телефонда уларнинг содда ликларига ишонгач, аниқ мақсадга ўтарди.

Бахтиёр Мўминов ҳам унга қандай чув тушга нини билмай қолди, рости. Унинг 6 миллион сўмга сотмоқчи бўлгани 2 та “Redmi note 9 t” телефон аппарати учун олдиндан 800 минг сўм, қолганини 4 ой давомида ҳар ойда 1 300 000 сўмдан бериб бориши ни айтиб, охири кўндирди. Юнусободлик Ҳусан Раҳимов-чи? Пулини бир ҳафта ичида олишига ишониб, ойлаб боққани, 36 миллион сўмлик 2 бош ҳўкизини “хайрия” чига қўшқўллаб бериб юборди…

Фирибгарнинг қилмиши шу билан якун топган бўлса қанийди. У ўзининг жиноий ҳаракатларини давом этиб, такроран фирибгарлик, яъни ўзганинг мол-мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида яна кўплаб содда ва ишонувчан кишиларни қармоғига илинтирди. Паркентлик Эркин Раимовнинг турли русумдаги 8 та тикув машинасини 10 кунда пулини олиб келиб беришга ишонтириб, шу мазмунда тилхат ёзиб бериб, алдаб кетиб, уни 18 934 038 сўмга “ухлатган”. Шунингдек, бектемирлик Васила Зулфиқорованинг 2 та (9 475 000 сўмлик), олмазорлик Динара Утанованинг 12 та (33 760 481 сўмлик), юнусободлик Холмат Асфандиёровнинг 1 та (6 839 095 сўмлик), Рашид Собиржоновнинг 2 та (8 345 436 сўмлик), янгиҳаётлик Дониёр Маликовнинг 10 та (60 миллион сўм лик), учтепалик Мақсуда Тўраеванинг 1 та (6 миллион сўмлик), ўртачирчиқлик Маҳфуза Мирзаеванинг 1 та (3 миллион сўмлик), Дилшод Собировнинг 1 та (8 миллион сўмлик), олмазорлик Дилдора Солиеванинг 4 та (2 100 АҚШ долларилик), бектемирлик Назира Туропованинг 1 та (3,5 миллион сўмлик), Саид Тоштемировнинг 7 та (2 250 АҚШ долларилик) тикув машинасини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган. Уларни сотиб, ўз мақсадлари учун сарфлаб юборган. Булардан ташқари, у яна шу сайтдаги эълонлар орқали кўплаб кишиларнинг сотувга қўйган мобил телефонлари, компьютер жамланмалари ва бошқа ашёларини юқоридаги яхлитда алдаб-сулдаб қўлга киритишга муваффақ бўлган.

“ТОТАЛИЗАТОРГА ЮТҚАЗИБ ҚЎЙГАНДИМ”

Судланувчи Содиқ Диёров судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Қаердан бунча “иқтидор” деяётган бўлсангиз, у олдинлари тикув машинаси олиб сотиш фаолияти билан шуғулланган экан.

Ўзининг айтишича, фирибгарликка қўл уришига эса 2021 йил бошларида тотализатор ўйинига қизиқиб қолиб, футбол жамоаларига пул тика бошлагани, аммо унинг жамоаси ютқазиб қўйгани сабабли, у ҳам пулларини бой бергани сабаб эмиш. Ўйинга берилиб кетганидан ўзи билмаган ҳолда кўп миқдорда пул тикиб, ютқазиб, қарз бўла бошлагани, қарзларидан қутилиш мақсадида фуқароларнинг olx.uz сайти орқали сотувга чиқарган тикув машиналари пулини 10 кун ичида олиб келиб беришини айтиб олиб, уларни қайта сотиб, пулларини яна тотализатор ўйинига тикиб, ютқазишда давом этган.

Суд Содиқ Диёровни Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Унга узил-кесил ўташ учун 7 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, Содиқ Диёровдан 20 нафар жабрланувчи ҳисобига жами 225 609 906 сўм ундириш кўрсатилди (7 нафарига 14 650 000 сўм ва 1 850 АҚШ доллари ҳамда бир нафарига қиймати 2 000 АҚШ доллари бўлган 2 та тикув машинаси шу пайтгача қайтарилган).

ФОЖИА ТЎРИ

Жиноятчига жазо тайинланди, маълум муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жабрланувчиларга етказилган зарарлар қачонлардир қопланар ҳам. Аммо бошқа хавотир кўнгилга тинчлик бермайди.

Биринчи ҳадик шуки, одамлардаги соддалик, ҳанузгача бировларга ишониб, чув тушиб, кейин уни бартараф этаман деб йиллаб сарсону саргардон бўлиб юриши, ҳуқуқларини яхши билмаслиги. Эътибор берган бўлсангиз бир фирибгар 24 кишини чув туширган. 24 нафар! Бу кичкина рақам эмас! Бу шунча хонадонда хотиржамлик кетгани, асаббузарлик, оилавий келишмовчилик ва жанжал урчиганидан дарак эмасми?!

Иккинчидан. Судланувчи мазкур хатоларига сабаб – интернет ўйинларига муккасидан кетгани, оддий қилиб айтганда, қиморга пул тиккани ва ютқазиб қўйганини сабаб қилиб кўрсатмоқда. Қиморнинг ҳаром экани ҳақида муқаддас китобларимизда, ҳадисларимизда ҳам бир неча бор келтирилган. Бунинг олдини олиш жоизлиги, унга яқинлашмаслик, акс ҳолда хунук оқибатларга олиб келиши ҳақида оммавий ахборот воситаларида бот-бот чиқишлар бўлиб турибди. Бироқ… аҳвол ўша-ўша.

Ҳозирги пайтда интернетсиз ҳаётни тасаввур қилиш қийин. Ҳамма гап ундан тўғри ва оқилона фойдаланишда. Лекин ҳаммада ҳам бундай ҳимоя иммунитети шаклланмаган, айниқса ёшларнинг интернетда соатлаб ўйин ўйнаётгани барчасидан хавотирли. Аҳоли орасида айнан интернетдаги тотализатор ўйинига қизиқиш ортаётгани сир эмас. Ҳатто тез-тез қулоққа чалиняпти, қайсидир ҳамюртимизнинг бу каби ўйинларга катта миқдорда пулини тикиб, бой бериб қўйгани, ҳатто ўз жонига қасд қилаётгани ҳақида ҳам эшитяпмиз. Ёки контракт тўлови учун ота-онаси юборган пулларни унга тикиб, ўқишидан мосуво бўлаётган талабалар ҳам йўқ эмас. Эшитяпмизу, лекин минг афсуски, жиддий сабоқ чиқармаяпмиз. Тўғри, интернетдан фойдаланиш учун чеклов ёки тақиқ йўқ. Ҳамма муаммо мана шунда! Демак, истаган одам интернет орқали бу ўйинни ўйнаши мумкин. Шу боис бундай иллатларга қарши ҳар биримиз курашишимиз, ҳушёр бўлишимиз, фарзандларимизга бу қинғир ва ҳаром йўл экани, ундан узоқ бўлишини таъкидлаб туришимиз жоиз. Зеро, таваккалчиликка асосланган ҳар қандай ўйиннинг охири фожиали тугайди.

Икром РАЖАБОВ,

жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани суди судьяси,

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА, журналист

(“XXI asr” газетаси,  2022 йил 28 апрель)