ТАДБИРКОРЛИКНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШ УЧУН ХОТИН-ҚИЗЛАРГА 33 МИЛЛИОН СЎМГАЧА 14 ФОИЗЛИК КРЕДИТЛАР БЕРИЛАДИ
Жамиятнинг ҳар бир бўғинида хотин-қизларнинг ўрни беқиёс. Бугунги кунда давлатимизда аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, имтиёзлар ва кафолатлар бериш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Яхши биламиз, давлат ташкилотларида кадрлар билан боғлиқ масалаларда хотин-қизларнинг салмоқли ўрни бор. Аммо жуда кўплаб тажрибали ва унумдор иш меҳнати салоҳиятига эга хотин-қизлар олий маълумотга эга эмас. Давлат ташкилотларида бир неча йиллар давомида самарали меҳнат қилиб келишларига қарамасдан, олий маълумот дипломи йўқлиги сабабли кўпгина хотин-қизлар иш фаолиятларида юқори поғоналарга кўтарила олмаяпти. Жумладан, суд тизимида ҳам. Қувонарлиси, кадрлар билан боғлиқ мазкур масала 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўз ечими топиши кутиляпти.
Хусусан, мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафардан иборат хотин-қизларни ҳар йили Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсияномаларига асосан давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин.
Мазкур квоталарнинг ажратилиши давлат ташкилотларида кадрлар билан боғлиқ масалаларга ижобий таъсир кўрсатади.
Хотин-қизларни ўқитиш масаласи фақат шу билан чекланиб қолмаган. Президентнинг юқоридаги Фармони асосида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан, сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитларини молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига Давлат бюджетидан ҳар йили 1,8 триллион сўм ресурс маблағлари ажратилади.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтириш учун 2022 йил 1 июнь санасигача тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан бир йил муддатгача берилишига оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши муҳим аҳамиятга эга. Бу билан суд орқали тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларнинг манфаатлари янада кўпроқ ҳимоя қилинади.
Хотин-қизларнинг минимал истеъмол харажатларининг қопланиши уларнинг жамиятдаги мавқеини оширади. 2022 йил 1 сентябрь санасидан бошлаб бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланиши белгиланаяпти. Бу ҳолат нафақат бюджет ташкилотларида балки бюджетдан ташқари ташкилотларда ҳам аёлларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланишига сабаб бўлади. Бу эса, ўз навбатида, бюджетдан маблағ олмайдиган ташкилотлар учун ўзларининг аёл ишчилари учун қўллаб-қувватлаш вазифасига айланади.
Бундан ташқари, Ҳукумат қарори (145-сон, 31.03.2022 й.) билан “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, “Аёллар дафтари”га 30 ёшдан ошган қуйидаги хотин-қизлар киритилади:
ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар;
тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар;
уй-жойга муҳтож хотин-қизлар;
қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзандлари бор эҳтиёжманд хотин-қизлар.
Тадбиркорликни йўлга қўйиш учун хотин-қизларга 33 млн сўмгача 14 фоизлик кредитлар:
оилавий тадбиркорлик учун – 3 ойдан 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилгача;
чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик учун – 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача;
боғдорчилик, узумчилик ва лимончилик учун – 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача ажратилади.
Аёлларга 5 миллион сўмгача кредитлар нақд берилиши кўзда тутилмоқда.
Мазкур низом тасдиқланиши муносабати билан “Аёллар дафтари”га оид илгариги вақтинчалик тартиб бекор қилинди.
Жасур СИРОЖЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси