ФУҚАРО, ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ ВА ДАВЛАТ МУНОСАБАТЛАРИ ЁХУД МАЪМУРИЙ СУДЛАРНИНГ ЎРНИ
Шахс ва жамият, фуқаро ҳамда давлат ўртасидаги муносабатларда суд органлари муҳим аҳамият касб этади. Шу боис Янги Ўзбекистонда суд органлари фаолиятини замон талаблари даражасида такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Бу борадаги тизимли ислоҳотлар самарасида 2017 йил 1 июндан Ўзбекистон суд тизими тарихида илк бор маъмурий судлар ташкил этилди.
Маъмурий судлар оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлиб, маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар ҳамда корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади. Статистик маълумотларга кўра, кейинги беш йил давомида маъмурий судлар томонидан 67 минг 989 иш кўрилган бўлса, шундан 45 мингга яқини, яъни 65 фоизи қаноатлантирилган. Шунингдек, маъмурий орган қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишлар бўйича 44 фоиз иш юзасидан аризачилар фойдасига ҳал қилув қарори қабул қилинган.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги ислоҳотлар тенденцияси талаб ва эҳтиёжлари, маъмурий судлар фаолиятини ҳам миллий ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда такомиллаштириб боришни тақозо этмоқда.
Шу нуқтаи назаридан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 29 январда имзоланган “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши маъмурий судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга ҳуқуқий асос бўлади.
Мазкур қарорда белгиланган масалалар маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда жамоатчиликнинг маъмурий судларга бўлган ишончини янада оширишга мустаҳкам замин яратади.
Қарорда маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш вазифаси белгиланди. Бу фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлашда қандай аҳамиятга эга деган савол туғилиши табиий.
Айтиш керакки, маъмурий суд судьяларининг “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида ишлаши низоларни кўриб чиқаётган судьяга алоҳида вазифа юклайди.
Судьядан фуқаролар ва тадбиркорлик субъекларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишларни кўриб чиқиш ҳамда ҳал этишда фақат маъмурий суд ишларини юритишни амалга ошириш тартибига, хусусан қонунийлик ва тенглик принципига қатъий риоя этиши талаб этилади.
Бундан ташқари, қарорда маъмурий судларнинг ҳуқуқий таъсир чораларини янада ошириш нуқтаи назаридан маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш масалалари назарда тутилмоқда.
Хулоса қилиш керакки, қарорда назарда тутилган вазифалар Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади – фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга муҳим омил бўлади.
Баҳодир Қаюмов,
жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси