БАҲОРНИНГ ЯНА БИР БЕЛГИСИ

Бугунги анъанавий «Маърифат соати» бир неча жиҳати билан аввалгиларидан фарқ қилди. Яъниким, тадбирга атанган олим ва ё ўз соҳасининг пешқадам вакили таклиф этилмади. Тажрибали судьялар ҳам безовта қилингани йўқ. Аксинча, ёш, изланишни малол олмайдиган мутахассис – Тошкент шаҳар маъмурий суди катта ёрдамчиси Дилноза Ўринбоевага ишонч билдирилдики, натижани кутилганидан зиёда, дейиш мумкин.
Маърифий тадбир Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида эдики, мавзу юзасидан адабиётдан бир мунча йироқ соҳа ёш вакиласининг маъруза қилиши бироз ажабланарли туюлиши мумкин. Бироқ ажабланадиган нарсанинг ўзи йўқ, аслида. Чунки, катта-ю кичик ижодкорни ҳар бир китобхон, аввало, ўзи учун кашф қилади. Маърузачимиз ҳам турли манбалардан кўчирилган иқтибосларни ҳижжалаб ўқимади, адабиётшуносликка оид терминлар билан иштирокчиларнинг икки қоши ўртасида тугун пайдо қилгани йўқ. Аксинча, атоқли ва ардоқли шоирни ўз қараши ҳамда ўзига яраша бадиий дид (ва бироз ҳаяжон) билан тасвирлаб бердики, кўпларнинг тасаввуридаги Абдулла Орипов “мадҳияни ёзган шоир” эмас, бетакрор шеърияти билан ўзбек маънавияти ҳазинасини бойитиб кетган улкан ижодкор сифатида гавдаланди.
Яна бир гап. Баҳорнинг белгилари кўп: бойчечакнинг қор остидан мўралаши-ю ғунчаларнинг новдаларни безашга тушиши, бу ёғи Наврўзнинг эшик қоқа бошлагани, хуллас, ҳамма-ҳаммаси баҳордан дарак. Бугунги тадбирда ўзбек адабиётининг судьялар ва суд ходимларидан иборат шинавандалари баҳордан дарак берувчи яна бир белгини кашф этган бўлса, ажабмас. Эътибор қаратинг-а: Абдулла Орипов 21 март санасида таваллуд топган ва бу кун Наврўз айёми тантаналари соясида қолиб кетаётгани йўқ. Демак, буюк шоирнинг таваллуди санаси баҳорнинг яна бир белгисига айланиб улгурибди…






