ОЧИҚ МУЛОҚОТ ВА САЙЁР ҚАБУЛ АҲАМИЯТИ: НАТИЖАЛАР КУТТИРАЁТГАНИ ЙЎҚ

Учтепа туманидаги “Шарқ юлдузи”, “Иқбол” ва “Нишабариқ” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси билан сайёр учрашувлар ўтказилди, фаоллар билан очиқ мулоқотлар қилдик. Бўлиб ўтган учрашув-мулоқотларда қандай мавзулар кўтарилгани, улар юзасидан билдирилган таклиф ва тавсиялар баёнига ҳожат йўқ. Зеро, судья билан ўтган мулоқотда қандай мавзулар кўтарилиши шундоғам маълум.
Ҳозир гап бундай тадбирлар аҳамияти ва самарасида.
Жамиятда ҳуқуқий онг маданият шаклланишида суд ҳокимияти ва аҳоли ўртасидаги узвий алоқалар аҳамияти кам эмас. «Менинг маҳаллам — менинг судьям» лойиҳаси мақсадларидан бири ҳам шунда.Чунки, судья фақат ишни кўриб чиқувчи процессуал шахс эмас, балки жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантирувчи муҳим субъект ҳамдир.
Демак, бундай мулоқотлар аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш билан бирга, суд ҳокимиятига нисбатан ишончи мустаҳкамланишига хизмат қилади. Бу жараёнда маҳалла институти муҳим ижтимоий ҳамкор сифатида намоён бўлмоқда.
Сайёр қабуллар фуқароларнинг одил судловга бўлган конституциявий ҳуқуқини таъминлашнинг амалий механизмига айланмоқда. Чунки, айни жараёнда фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинади, процессуал тартиблар тушунтирилади, энг муҳими, айрим низолар бўйича медиация имкониятлари ҳақида маълумот берилади. Ҳуқуқий хабардорлик эса қонун устуворлиги таъминланиш омиллари сирасига киради.
Аҳоли билан мулоқотлар судлар фаолиятида очиқ ва шаффофликни таъминлаш билан бирга муаммоларини жойида ўрганиш имкониятини бермоқда.

Маҳалла — жамоатчилик фикри шаклланадиган муҳим ижтимоий макондир. Шу маънода “Менинг маҳаллам — менинг судьям” ибораси чуқур ижтимоий-ҳуқуқий мазмун касб этади. Шу боис ҳам мазкур лойиҳада жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, шунингдек, судларни халққа янада яқинлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзини бошқариш органлари имкониятидан самарали фойдаланиш назарда тутилган.
Ушбу лойиҳа адолат фақат суд залида эмас, жойлардаги очиқ мулоқот ва сайёр қабулларда ҳам қарор топишига сабаб бўлмоқда.
Суҳроб Юлдашев,
Тошкент туманлараро маъмурий судининг раиси






