КУТИЛГАНИДЕК, ҚАБУЛДА АЁЛЛАР КЎП БЎЛДИ

Қабулда хотин-қизлар кўпроқ бўлиши кутилганди ва шундай бўлиб чиқди ҳам. Чунки, қабул  фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси Зиёда Солиева томонидан ўтказилиши маълум эдики, Янгиҳаёт тумани “Гулшанобод” маҳалла фуқаролар йиғинида кечган жараёнда аёллар кўпроқ бўлгани ҳеч кимни ажаблантирмади.

Тадбир расман “ фуқаролар учун қабул” дейилгани билан очиқ мулоқотга айланиб кетди. Бу ҳам қабул аёл судья томонидан ўтказилганига боғлиқ. Чунки, аёл судья масалага аёл нигоҳи билан қарайди, ҳамсуҳбатини она сифатида тушунади, бека сифатида ҳис этади. Шу боис қабул жараёни бироз чўзилишиши мумкин, бироқ  кўпчиликнинг кўнгли кўтарилиб чиқиши рост. (Ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, айниқса, одам савдоси, хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш, бу борадаги қонунийликни таъминлашда аёл судьяларнинг ўрни ва иштироки қанчалар муҳимлиги шундай тадбирларда янада намоён бўлади.)

Тадбирда кўпроқ оилавий муаммолар, уларнинг ечимлари хусусида сўз кетди. Тушунтирилдики, ҳар қандай муаммонинг ҳуқуқий ечими мавжуд. Бироқ оилага келганда масалага нафақат ҳуқуқий, шу билан бирга унинг маънавий-ахлоқий жиҳатларидан ҳам келиб чиқиб ечим топиш маъқул экани такрор-такрор қайд этилди.

Шунингдек, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш бўйича яратилаётган шароит ва имтиёзлар, фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилишнинг ҳуқуқий тартиблари юзасидан маълумотлар берилди. Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, унинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, бу борада  ҳар бир фуқаронинг бурчи ва мажбуриятлари эслатилди.

Бундан ташқари фуқаролик ишлари бўйича судлар ваколатига доир низолар, судга мурожаатнинг ҳуқуқий тартиблари, давлат божи  ва бошқа масалалар бўйича ҳам лозим тушунтириш ва тавсиялар берилди.