СУДЬЯЛАР БЎЛАЖАК ҲАМКАСБЛАРИГА МАШҒУЛОТ ЎТКАЗДИ



Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси фуқаролик ҳуқуқи йўналиши тингловчиларининг навбатдаги амалий машғулоти фуқаролик ишлари бўйича пойтахт судларида фаолият кўрсатаётган судьялар иштирокида ўтди.

Мавзу меҳнат ҳуқуқига доир низолар ва уларни судда кўриб чиқиш амалиёти хусусида бўлиб, машғулот анча қизиқарли кечиши маълум эди. Чунки, меҳнат ҳуқуқининг кўлами кенг, шунга монанд ушбу тоифадаги низоларнинг қирралари кўп. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар орасида меҳнат ҳуқуқига оид ишлар хос хусусиятига эга эканининг сабаби ҳам шунда.

Амалий машғулотда судьялар томонидан (фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси Баҳодир Саидмуродов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари Дилфуза Дадажонова ҳамда Жасур Сирожев) ушбу тоифа низоларининг хос жиҳатлари, қонун ҳужжатларини қўллаш, амалиётда учраётган муаммо ва уларнинг ҳуқуқий ечимлари ҳақида аниқ мисоллар билан тушунтиришлар берилди.

Амалий машғулотда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим йўналишларидан бири бўлган “Рақамли суд” мавзуси ҳам эътибордан четда қолмади.
Суд тизими учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда таълим ва амалиёт уйғунлигининг аҳамияти катта. Шу боис ҳам Одил академиясида таълим жараёни устоз-шогирд анъанаси асосида «бўлажак судьяни судья ўқитади» тамойилига мувофиқ ташкил этилган. Таълимнинг ушбу шакли назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани шубҳадан холи.






