“БОРИ ЭЛҒА ЯХШИЛИҒ ҚИЛҒИЛ….”

Эртага яна бир тарихий сана: шоҳ ва шоир, моҳир саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди куни. Шу боис Тошкент шаҳар судлари судьялари ва суд ходимларининг бугунги анъанавий “Маърифий соати”да буюк аждодимиз шахсидаги юксак самимият, салоҳият ва ирода кучи ҳақида  суҳбатлашилди.

Бобур мирзо шахсидаги самимият шеъриятида яққол намоён экани таъкид этилди. Айтилдики, унинг ғазал ва рубоийларида ҳукмдорнинг хоҳиш-истаклари эмас, балки  оддий инсоннинг пардоканда кўнгили изтироблари акс этгани кўринади. “Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди, Ҳар ишники, айладим – хатолиғ бўлди” мисраларда алам-у изтиробдан ташқари ҳоли мардона тан олиш ҳам бор, бу эса шоҳ ва шоирнинг аввало ўзига нисбатан адолатли бўлгани далолатидир. Ўзига нисбатан адолатли бўлган шахс эса ўзгага нисбатан адолатсизлик қилмайди. “Шафқатсиз киши азобга лойиқдир”, дея қайд этгани бежиз эмас. Буни Бобур ҳазратлари ўзи забт этган ўлкаларни ижтимоий адолатни таъминлаш орқали обод қилгани, ўзи асос солган сулола уч асрдан кўпроқ ҳукм сургани ҳам тасдиқлайди.

Яна бир тасдиқки, ўғли Хумоюн Мирзога қолдирган васиятномасида эл ва раъиятга адолатли бўлмоқ лозимлигини қайта-қайта таъкид этади: “Эй фарзандим, Ҳиндистон мамлакати турли мазҳаблардан маъмур бўлган. Аллоҳ таоло Сизга буни каромат этди. Сиз мазҳабларни ёмон кўришдан дилингизни пок тутинг… Адолат ўрнатишда инсонларнинг эътиқодига чуқур ҳурматда бўлинг”.

1526 йилнинг апрелида Панипатда Ҳиндистон султони Иброҳим Лўдининг 100 минг қўшинлик армиясини 12 минг аскари билан мағлуб этгани ортидан  моҳир саркарда сифатида ҳам тарихдан муносиб ўрин олган.

Бобур Мирзо 1494 йили (отаси вафотидан сўнг) 12 ёшида Фарғона ҳокими этиб тайинлангани тарихда маълум. У бор-йўғи 47 йил умр кўрди. Ҳаёти жанг-у жадаллар билан ўтгани сабаб унга икки рамазонни бир жойда ўтказиш насиб қилмаганини бобуршунослар алоҳида қайд этади.

Шунга қармай ўзидан ўлмас шеърият, “Бобурнома”дек қомусий асар қолдирганидан ташқари янги давлатчиликка асос солгани Заҳириддин Муҳаммад Бобур салоҳиятининг инкор этиб бўлмас  ифодасидир.