НАВОИЙ КЎЧАСИДАГИ СУДДА НАВОИЙХОНЛИК

Саноқли кунлардан кейин (9 февраль) Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллуди куни. Ҳамма нарса нуқта-вергулигача жой-жойида бўлишига одатланган судьялар, хусусан, пойтахт судлари (дарвоқе, Тошкент шаҳар судининг бош биноси Навоий кўчасида жойлашган) судьялари айни сана киришини кутгани йўқ. Судьялар ва суд ходимларининг бугунга белгиланган анъанавий “Маърифат соати” буюк мутафаккирнинг туғилган кунига  бағишланди.

Тадбир меҳмони, филология фанлари доктори, профессор Сувон Мелиев тўғри таъкид этганидек, Навоий даҳоси ҳақида ихчам тадбирда атрофлича сўз юритишнинг мутлақо иложи йўқ. (Домла ҳазратнинг тўрт мисрадан иборат битта рубоийиси ҳақида ўн беш саҳифа шарҳ ёзганини эслатиб ўтди) Шу боис тадбирда  Навоий асарларидаги адолат ғоялари ҳақида  гапирилди.

Айтилдки, Навоий ҳазратларининг  деярли барча асарларида адолат тараннум этилгани, инсонлардаги инсоф ва диёнат сифатларига алоҳида эътибор қаратилганини кўриш мумкин. “Адл айлаки, ул халқ ҳаёти бўлмиш…” мисрасининг ўзида халқ ҳаётининг бош мезони адолат (адл) экани таъкидланади. Чунки, эл осойишталиги, юрт ободлиги шу мезонга боғлиқ.

Шунингдек, нотиқ “Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила” мисраларини ҳам тилга олиб ўтди. Шу асно мисрадаги “ҳақ йўли”ни – ҳақиқат, ижтимоий адолатни таъминлаш маъноларига эга экани, шундай масъулиятли ва шарафли вазифа судьяларнинг чекига тушганига эътибор қаратиб, шу йўлда “бир ҳарф ўқитган”лар олдидаги маънавий бурчлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Суд тизими вакиллари даврасида Ҳазрат Навоий  ҳақида гап кетганда ул зотнинг “Маҳбуб-ул қулуб” (“Қалбларга севимли бўлган китоб”) асарини эсламасликнинг иложи йўқ. Ушбу асар мутафаккирнинг ўзи ҳаёти сабоқлари маҳсули бўлгани учун ҳам ижодида алоҳида ўрин эгаллайди. Асарда қози ҳақида ҳам кўп ва хўб ибратли панд-насиҳатлар битилган. Хусусан: ”Чолғу асбобининг тори созланмаган бўлса, овози бузилади. Модомики, ҳукми элнинг моли ва жонига тааллуқли экан, қозининг шиори  тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим” дейилади.

Шунингдек, “ У (қози) ҳукм вақтида ошнога ҳам, бегонага ҳам бир савияда қарамоғи лозим”лиги ҳам таъкид этилади.

Якунда Алишер Навоийнинг кўп асарлари қатори “Маҳбуб-ул қулуб”  ҳам ҳозирги ўзбек тилига тадбил қилингани айтилиб, унинг мутолааси фойдадан холи бўлмаслиги тавсия этилди.