ИҚТИСОДИЙ МУНОСАБАТЛАРДА ҲУҚУҚИЙ БАРҚАРОРЛИКНИ КУЧАЙТИРИШ ВА ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШ: 2025 ЙИЛ САРҲИСОБИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Хусусан, суд жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, қоғоздаги иш юритувни йўқ қилиш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, судьяликка номзодларни тайёрлаш, амалдаги судьялар ва суд ходимлари малакасини ошириш, замонавий рақамли ўқитиш усулларини жорий этиш билан шуғулланадиган Одил судлов Академиясининг ташкил этилганлиги, судьялар мустақиллиги ва кадрлар сиёсатини кучайтириш ҳамда фуқаролар ва юридик шахсларнинг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

Биргина 2025 йилда давлатимиз раҳбари томонидан судларнинг мустақиллигини таъминлаш ва одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган 4 та муҳим Фармоннинг имзоланганлиги ҳам фикрмизнинг яққол тасдиғи бўлиб ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ислоҳотлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш,
суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ҳамда одил судловга бўлган ишончни оширишга қаратилган.

Бу жараёнда иқтисодий судлар алоҳида аҳамият касб этиб, улар иқтисодий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилиш орқали бозор иқтисодиётининг барқарор ривожланишига хизмат қилади. Айниқса, Тошкент шаҳри иқтисодий судлари иқтисодий фаоллик юқори бўлган ҳудуд сифатида энг катта иш юкламасига эга судлардан ҳисобланади.

Мамлакатимизда иқтисодий фаоллик юқори бўлган пойтхтда ҳам иқтисодий судларга келиб тушадиган ишлар сони ва кўлами сезиларли даражада ортиб бормоқда.

2025 йилда Тошкент туманлараро иқтисодий суди ва Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан одил судловни амалга оширишда иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилган.

Ҳисобот даврида жами 146 247 та даъво аризаси ва ариза келиб тушган. Ўтган йилдан 2025 йилга қолдиқ бўлиб ўтган ишлар сони 3 385 тани ташкил этади. Шундан ҳисобот даврининг охирига қадар 137 870 таси (2024 йилда
124 964 та) кўриб чиқилган. Кўриб чиқилган ишларнинг 127 068 таси бўйича даъво талаби қаноатлантирилган, 6 961 таси бўйича даъво талабини қаноатлантириш рад этилган, 1 265 таси бўйича иш юритиш тугатилган, 2 576 та даъво аризаси (ариза) кўрмасдан қолдирилган.

Кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 12 906 тага ёки 10,3 фоизга кўпайган.

Ҳал этилган ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 6 трлн
912,1 млрд сўм пул маблағлари (асосий қарз, неустойка, зарар), республика бюджетига 2693,8 млрд сўм давлат божи ундириш тўғрисида суд ҳужжатлари қабул қилинган.

Тарафлар томонидан давлат бюджетига олдиндан ихтиёрий тўланган давлат божи суммаси 78,7 млрд сўмни ташкил этган.

Хусусий тадбиркорлар, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 26 242 та иш кўрилиб, улар фойдасига 3 трлн 960,0 млрд сўмдан кўпроқ ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган.

Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш, қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, тарафларга суд мажлисида қатнашиб, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилашилаётган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳар томонлама қулайлик яратиш мақсадида 50 385 таси ёки 36,5 фоизи судьялар томонидан бевосита маҳаллаларда, корхоналар, муассасалар, ташкилотларда сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

Ҳисобот даврида Тошкент туманлараро иқтисодий судида бир нафар судьянинг (амалда фаолият кўрсатган 19 нафар судьяга нисбатан) ўртача ойлик иш ҳажми 600,7 та (545,2 та) ишни, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида бир нафар судьянинг (амалда фаолият кўрсатган 14 нафар судьяга нисбатан) ўртача ойлик иш ҳажми 26,9 та (20,8 та) ишни ташкил этган.

Иш ҳажмларидан келиб чиққан ҳолда судьялар сонини мақбуллаштириш юзасидан зарур чоралар кўрилиб, 2026 йилдан Тошкент туманлараро иқтисодий судида яна 8 та янги тайинланган судьялар ва судья ёрдамчилари иш бошлаши белгиланди.

Юқори инстанция судлари томонидан самарали назорат механизми сифатида иқтисодий муносабатларда қонуний ва адолатли судловни таъминлашда ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ҳисобот даврида Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция инстанциясида 1 895 та (2024 йил 1 720 та), кассация инстанциясида 948 та (495 та) ва тафтиш инстанциясида 768 та (627 та), жами 3 611 та (2 842 та) иш қайта кўриб чиқилган.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, иқтисодий судлар фаолиятига сунъий интеллект ва таҳлил платформаларининг жорий этиш орқали ишларни автоматик тақсимлаш, суд амалиётини чуқур таҳлил қилиш ҳамда қарор қабул қилиш сифатини янада оширишга эришилади.

Суд ҳокимиятининг самарали, замонавий ва жамоатчилик эҳтиёжларига мос фаолият юритишининг асосий шартларидан бири бўлган судлар фаолиятини моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати шароити яхши бошқа бинога кўчирилди.

Кўзлаган мақсадимиз эса битта – иқтисодий низоларни қонуний, холис ва ўз вақтида ҳал этиш орқали суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун барқарор ҳуқуқий муҳитни шакллантиришдан иборат.

Бу йўналишда ишларни кўриб чиқишда процессуал муддатларга қатъий риоя этиш, суд қарорларининг асосли ва пухта бўлишини таъминлаш, шунингдек, иқтисодий қонунчиликни суд амалиётида бир хил қўллаш устувор вазифалар ҳисобланади.

Шу билан бирга, иқтисодий судлар фаолиятида рақамли технологиялар ва замонавий таҳлил воситаларини кенг жорий этиш, иш юритиш жараёнларини соддалаштириш ҳамда шаффофликни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Судьялар корпусининг касбий маҳоратини ошириш, ихтисослашувни чуқурлаштириш, медиация ва яраштириш институтларидан самарали фойдаланиш орқали низоларни судгача ҳал этиш имкониятларини кенгайтириш ҳам келгусидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки,  изчил амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари иқтисодий ишлар бўйича одил судловни таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакатда соғлом рақобат ва инвестициявий муҳитни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Иброҳим Алимов,

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси