ФУҚАРОЛИК СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШДА ДАВЛАТ БОЖИ: ТЎЛОВ ТАРТИБИ ВА ИМТИЁЗЛАР ТАТБИҚ ҚИЛИНИШ ҲОЛАТЛАРИ
Фуқаролик суд ишларини юритишда даъвогар судга мурожаат қилиши билан боғлиқ харажатларнинг муҳим қисми давлат божи ҳисобланади. Давлат божи – бу ваколатли давлат органлари томонидан фуқаролик ишларини кўриш ёки юридик аҳамиятга молик бошқа ҳаракатларни амалга ошириш учун ундириладиган мажбурий тўловдир.
Суд харажатларининг ушбу тури фуқаролик ишларини юритиш жараёнида давлат бюджети даромади сифатида шаклланади ва шу боис давлат божи тўғрисидаги қонун талабларига судлар томонидан қатъий риоя қилиниши зарур деб белгиланган. Давлат божи жисмоний ва юридик шахсларнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга оширишда муҳим омил бўлиб, унинг миқдори ва ундириш тартиби фуқароларнинг судга эркин мурожаат қилиш имкониятларига бевосита таъсир кўрсатади. Шу сабабли, давлат божи институтини тўғри тартибга солиш ҳамда амалиётда уни бир хилда қўллаш масаласи долзарбдир.
Фуқаролик суд ишларини юритишда “давлат божи” тушунчаси қонунчиликда аниқ таърифланган. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ёки мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун олинадиган мажбурий тўлов экани белгиланган. Ушбу таърифга мувофиқ, давлат божи суд, нотариат, ФҲДЁ ва бошқа органлар томонидан кўрсатиладиган юридик аҳамиятга эга хизматлар учун ундириладиган йиғим сифатида намоён бўлади. Давлат божи ўз иқтисодий-маънавий моҳиятига кўра солиқ ёки божхона тўловларидан фарқ қилади, чунки у умумдавлат даромади сифатида бюджетга йўналтирилса-да, тўғридан-тўғри муайян ҳуқуқий хизмат кўрсатиш (масалан, судга даъво аризасини кўриб чиқиш) эвазига ундирилади.
Ўзбекистонда давлат божи институтининг ҳуқуқий асослари Конституциянинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини кафолатловчи нормалари билан ҳам узвий боғлиқ. Фуқароларнинг суд орқали ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга оширишда давлат божи маълум маънода “филтр” вазифасини бажаради – бир томондан, у суд тизими харажатларини қоплаш ва давлат бюджетини тўлдиришга хизмат қилса, бошқа томондан, асоссиз даъволарни камайтириш ва судларга тушадиган ортиқча юкламани олдини олишга қаратилган. Шу боис, давлат божи ставкалари ва ундириш тартиби қонунчиликда муайян меъёрлар билан тартибга солинади ва бу меъёрлар фуқаролик суд ишларини юритиш тартибининг ажралмас қисмидир.
Фуқаролик судларида давлат божига оид нормалар бир нечта норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган. Биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни (2020-йил 6-январдаги ЎРҚ-600-сон) ушбу соҳадаги асосий қонундир. Мазкур Қонун давлат божини белгилаш, унинг ставкалари, тўлаш тартиби, қайтариш асослари ва тўловдан озод қилиш ҳолатларини батафсил тартибга солади. Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг суд харажатларига оид нормалари (13-боб) давлат божини ундиришнинг процессуал жиҳатларини белгилайди. ФПКнинг 131-моддаси ва навбатдаги моддаларида даъво аризасини қабул қилиш учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши лозимлиги, акс ҳолда ариза қайтарилиши мумкинлиги кўрсатилган. Хусусан, ФПК 195-моддаси 1-қисми 7-бандига биноан, агар даъвогар қонун бўйича давлат божини тўлашдан озод қилинмаган бўлса ва ариза билан бирга давлат божи тўланганлиги ҳақидаги ҳужжат тақдим этилмаган бўлса (ҳамда даъвогар божини тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳақида илтимоснома бермаган, шунингдек почта харажатларини ҳам тўламаган бўлса), судья даъво аризасини қайтариш ҳақида ажрим чиқаради. Демак, судга мурожаат қилиш босқичида давлат божи тўланиши мажбурий процессуал талаб ҳисобланади. Суд харажатлари таркибига давлат божидан ташқари ишни кўриш билан боғлиқ бошқа чиқимлар (эксперт, гувоҳ харажатлари ва б.) ҳам киради, аммо давлат божи суд харажатларининг асосий турини ташкил этади.
Фуқаролик процессида давлат божининг ўрни ва аҳамиятини белгиловчи ҳуқуқий асослардан яна бири – Олий суд Пленуми қароридир. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2024-йил 16-декабрдаги “Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги 37-сонли Қарори бу борада судларга муҳим тушунтиришлар беради. Пленум қарорида давлат божини ундиришда қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўллаш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсад қилинган бўлиб, унда давлат божининг тушунчасидан тортиб, бож олинадиган ҳолатлар рўйхатигача, шунингдек имтиёзлар ва тўлов тартибигача батафсил изоҳ берилган. Жумладан, Пленум қарорида судларга “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ фуқаролик ишлари бўйича давлат божи ундириладиган ҳолатларни эслатиб ўтади: фуқаролик судларига бериладиган барча даъво аризалари, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича аризалар, суд буйруғини бериш ҳақидаги аризалар, ҳакамлик судлари қарорларидан норози бўлиб бериладиган аризалар, ҳакамлик қарорини мажбурий ижрога қаратиш тўғрисидаги аризалар ва бошқалар шулар жумласидандир. Бундан кўринадики, фуқаролик судида иш қўзғатиш учун деярли барча турдаги мурожаатларда давлат божи талаб этилади.
Давлат божини ҳисоблаш механизмлари эса даъво талабининг хусусиятига (мулкий ёки номулкий тусда эканлигига), даъво баҳосига ва субъектнинг ҳуқуқий мақомига қараб фарқланади. Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигига кўра, мулкий тусдаги (баҳоли) даъволар бўйича давлат божи даъво баҳосига нисбатан фоиз сифатида ҳисобланади, номулкий (баҳосиз) даъволар бўйича эса базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) маълум баравари миқдорида қатъий ставка белгиланади.
2020-йилда қабул қилинган “Давлат божи тўғрисида”ги Қонун иловасида давлат божи ставкаларининг батафсил жадвали келтирилган бўлиб, унда ҳар бир турдаги ҳуқуқий ҳаракат учун тўланадиган бож миқдори аниқ белгиланган.
Мулкий тусдаги даъволар – бу даъвогар томонидан маълум миқдордаги мол-мулк ёки пул маблағини ундириш, мулк ҳуқуқини эътироф этиш, ёки мол-мулкка эгаликни тиклашга қаратилган талаблар бўлиб, улар бўйича давлат божи даъво баҳосининг 4 фоизи миқдорида, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўланади.
Мазкур формула ҳуқуқий жиҳатдан адолатли нисбатни таъминлайди: бир томондан, даъво суммаси қанча катта бўлса, тўланадиган бож шунча кўп бўлади (пропорционал принцип), иккинчи томондан эса, кам миқдордаги даъволарда ҳам минимал тўлов кафолатланади. Бу ёндашув давлат бюджетининг суд харажатларини қоплашдаги барқарорлигини таъминлашга қаратилган.
Мисол учун, фуқаролик судига 12.000.000 сўм миқдоридаги талаб билан мурожаат қилган фуқаро 4% ставка асосида 480 минг сўм миқдорида давлат божи тўлайди. Аммо, агар ҳисобланган 4% миқдор БҲМдан кам чиқса (масалан, даъво суммаси кичик бўлса), барибир камида 1 БҲМ тўланади.
Номулкий тусдаги талаблар учун БҲМнинг 2-баравари миқдорида давлат божи тўланиши лозим.
Фуқаролик ишларида чиқарилган қарор ёки ажримдан норози бўлган шахс юқори инстанция судига апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида шикоят беришда ҳам давлат божини тўлайди. Бу ҳолда тўлов миқдори биринчи инстанцияда тўланган бож миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланади. Масалан, даъвогар биринчи инстанцияда 2 БҲМ миқдорида бож тўлаган бўлса, апеллятция шикояти учун 1 БҲМ миқдорида тўлов амалга оширади. Мулкий даъволар бўйича эса ушбу 50% ҳисоб “а” кичик банддаги ставка (4%) асосида аниқланади.
Фуқаролик ишлари юзасидан даъво аризаси бераётган шахс “my.sud.uz” wеб сайти орқали “Давлат божи калкулятори” каби электрон хизматлардан фойдаланиб ҳам бож суммасини ҳисоблаб олиши мумкин. Бунда фойдаланувчи даъво тури ва суммасини киритган ҳолда, тизим тегишли ставкани қўллаб чиқиб беради.
Фуқаролик суд ишларини юритишда давлат божи тўловини амалга оширишда рақамли технологиялар ва онлайн тўлов тизимларининг жорий этилиши Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимининг замонавий босқичдаги муҳим ютуғларидан биридир. Сўнгги йилларда суд тизимида “рақамлаштириш” жараёнлари доирасида фуқароларнинг қулайлиги учун ягона электрон тўлов платформаси – https://billing.sud.uz портали ишга туширилган. Мазкур портал Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий биллинг тизими бўлиб, у орқали фуқаролар ва ташкилотлар давлат божи, почта харажатлари ҳамда судга мурожаат қилиш билан боғлиқ бошқа тўловларни онлайн тарзда, тўлиқ шаффоф ва хавфсиз усулда амалга оширишлари мумкин.
“Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида фуқаролик судларида давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жисмоний ва юридик шахслар ҳамда даъво турлари рўйхати батафсил келтирилган. Ушбу рўйхат ижтимоий аҳамиятга эга манфаатларни кўзлаб судга мурожаат қилувчи шахслар ёки жамиятнинг заиф қатламларига тегишли даъво талабларини қамраб олади. Давлат божи бўйича иккинчи тур имтиёз – тўловни кейинга қолдириш ёки камайтириш – судьяларга қонун билан берилган танлов ҳуқуқдир. Бундай имтиёзлар, албатта, суд орқали ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишда иқтисодий қийналадиган шахсларга ёрдам бериш, уларнинг давлат органлари хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадини кўзлайди. Бу борада Шарқ мутафаккирларининг ғоялари ҳамоҳангдир – хусусан, Ибн Сино давлатнинг вазифаси жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтириш, аҳолини зарур эҳтиёжлар (меҳнат, ижтимоий таъминот) билан таъминлашдир деб ҳисоблаган. Президент Ш.Мирзиёев ҳам суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларда “инсон қадри учун” тамойилини илгари суриб, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши учун тўсиқларни камайтиришга интилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 16-январдаги ПФ-11-сонли “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида “фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш” вазифаси қўйилган. Давлат божи бўйича имтиёзлар айнан ана шу тарафлар тенглиги ва ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган дейиш мумкин. Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон ФПК 133-моддаси 2-қисми ва 193-моддасига асосан, судья аризани иш юритишга қабул қилиш босқичида аризачининг моддий аҳволидан келиб чиқиб давлат божини тўлашни кечиктиришга, бўлиб-бўлиб тўлашга ёки уни камайтиришга ҳақли. Бундай қарор аризачининг ёзма илтимосномаси ва асословчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда қабул қилинади. Судья бу ҳақда яъни бож тўлаш муддатини узайтириш ёки бошқа енгиллик бериш ҳақида алоҳида ажрим чиқариши лозим. Амалиётда қайси ҳолларда бундай имтиёзлар берилиши мумкин? Одатда, ариза берувчи божни тўлашга қодир эмаслигини кўрсатадиган далилларни тақдим этса, масалан: кам даромад олиши, ишсизлиги, кўп фарзандли оиладорлиги, банк ҳисобида маблағи йўқлиги тўғрисида маълумотнома ва бошқалар. Пленум қарорида айтилишича, суд давлат божи тўловини кечиктириш ёки камайтириш масаласини ҳал этишда фуқароларнинг даромади, банкдаги маблағлари йўқлиги ҳақидаги далилларни диққат билан ўрганиши лозим. Мисол учун, даъвогар жисмоний шахс банкдаги ҳисобида маблағ йўқлигини тасдиқловчи маълумотномани илова қилса, суд буни инобатга олиб, бож тўлашни маълум муддатга кечиктириши мумкин. Пленум қарорида бундай банк маълумотномаси судга мурожаат қилинган кундан энг кўпи билан уч кун олдин олинган бўлиши кераклиги қайд этилган – яъни янгилиги талаб қилинади.
Давлат божини тўлашни кечиктириш – деганда божни ҳозир эмас, балки кейинроқ, одатда иш кўриб чиқилиб бўлгач ёки маълум муддат ўтиб тўлашга рухсат бериш тушунилади. Бўлиб-бўлиб тўлаш – бож суммасини бир йўла эмас, қисмларга бўлиб тўлаш жадвалини белгилаш (масалан, ҳар ой маълум қисмини тўлаш). Миқдорини камайтириш – божнинг умумий суммасини камайтириб бериш, яъни белгиланган ставкадан камроқ тўлашга рухсат. Бу имтиёзларнинг барчаси судьянинг ваколатига киради ва одатда фақат аризачининг оғир моддий аҳволи асосли далиллар билан тасдиқлангандагина татбиқ этилади. Судья бундай имтиёзни расмийлаштиришда, қоида тариқасида, иш юритишни қўзғатиш ҳақидаги ажримда ёки алоҳида ажримда буни кўрсатади. Бу амалиёт адолат ва тенглик тамойилларига мос бўлиб, суд тизимига ишончни оширади.
Шаҳноза Зайниева,
фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси






