ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРГА НИСБАТАН ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК ЯНАДА ЛИБЕРАЛЛАШТИРИЛМОҚДА
Вояга етмаганлар билан ишлаш, уларни тўғри йўлга солиш ҳар доим барчани ўйлантириб келган масала ҳисобланади. Қаердаки тарбия тўғри ташкил этилса, ўша ерда тартиб интизом, фаровонлик бўлади. Минг афсуски айрим ҳолларда вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этилиши ташвишли ҳолдир.
Биргина жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани суди томонидан жорий йилнинг бугунги холатига кўра 19 нафар шахсга нисбатан 17 та жиноят иши кўриб чиқилган. Шундан 12 та иш бўйича ҳукм чиқарилган, 5 нафар болага озодликдан маҳрум қилиш, 7 нафарига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
Вояга етмаганлар орасида асосан ўғирлик, тан жароҳати етказиш, безорлик каби жиноятлар содир этилган.
Келинг шу ўринда вояга етмаган шахс томонидан содир этилган бир жиноят ишини таҳлил қилайлик. 2010 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган мактаб ўқувчиси Авазжон (исм-шариф ўзгартирилган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмининг “в” банди билан айбланган.
Яъни , у 2024 йил 10 октябрь куни соат тахминан 12 ларда ўзининг таниши вояга етмаган Иззатилла билан олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, Янгиҳаёт тумани, қурилиш ҳудуди, яшаш уйининг орқа томонида шу ерда бўлган очиқ ҳолда қаровсиз қолдириб кетилган, Ж.А. га тегишли “Ласетти” русумли автомашинасининг эшиклари очиқ ҳолда қолдирилганидан фойдаланиб, автомашинанинг ичидаги баҳоси, 350 АҚШ доллар бўлган “Самсунг А-80” русумли телефон аппаратини ҳамда автомашина салонининг бардачок қисмида турган 450.000 сўм пулни яширин равишда ўғирлаб олиб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинган.
Суд мажлисида қонуний вакил иштирокида сўроқ қилинган вояга етмаган Авазжон эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлик билдирди.
У нима учун ўғирликка қўл урди. Маълум бўлдики, оилада тарбия яхши эмас, бола мактабга ҳар доим бормайди. Кўчада пул топишни ўйлайди. Аслида унинг асосий вазифаси мактабда ўқиш, таълим ва билим олиб бирор касб ўрганиш эди. Онаси суд залида боласининг қилмиши учун мулзам бўлиб қолди. Агар Авазнинг ота-онаси фаарзанди тарбиясига бефарқ бўлмай назоратни тўғри олиб борганида эди бундай кўнгилсизлик бўлмаган бўларди. Суд томонидан вояга етмаган Авазжоннинг пушаймонлигини инобатга олиниб, енгилроқ жазо қўлланилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан вояга етмаганлар таълим-тарбияси учун катта ишлар амалга оширмоқда. Буни ота-оналар тўғри тушунишлари керак. Жорий йил 23 октябрда қабул қилинган “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1092 сонли Қонун ҳам аслида вояга етмаганлар жиноятини янада енгиллаштириш мақсадини кўзлайди. Ушбу қонун билан 77, 84-1 ҳамда 85 – моддаларга ўзгартиришлар киритилмоқда. Бу билан мақсад жазолаш эмас, жиноятни олдини олиш, вояга етмаганларни тўғри йўлга солиш, тўғри тарбиялаш асосий вазифа сифатида белгиланмоқда.
Мақсад жазолаш эмас, жазони олдини олишдир.
Шерзод Амиров,
Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани суди судьяси






