ОЧИҚ ВА МУСТАҚИЛ СУД ТИЗИМИ САРИ: СУДЬЯЛАР ҲАМЖАМИЯТИ ОРГАНЛАРИДА ЯНГИ ИСЛОҲОТЛАР

Сўнгги йилларда давлат бошқаруви тизимида суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш, унинг мустақиллигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини кучайтириш долзарб вазифалардан бирига айланди. Судьялар ҳамжамияти органларининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш ушбу жараённинг муҳим таркибий қисми бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 24 ноябрда имзоланган “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони айнан суд ҳокимияти тизимида туб ўзгаришларни амалга ошириш, судьялар ҳамжамияти органларининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, энг муҳими эса суд мустақиллигининг чинакам кафолатларини яратишга қаратилган муҳим босқични ифодалайди.

Мазкур фармон “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари устувор йўналишлари билан уйғун ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида судьяларнинг ўзини-ўзи бошқариш тамойилини ва суд мустақиллигига оид илғор халқаро стандартлар кенг жорий этилишини таъминлаш, судьялар корпусини шакллантириш тартибини такомиллаштириш, ушбу жараёнда судьялар ҳамжамияти органлари ролини ошириш ва уларнинг масъулият доирасини аниқ белгилаш, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, судьяликка номзодларни танлашнинг шаффоф тартибини жорий этиш ҳамда суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш имкониятларини кенгайтириш каби аниқ мақсадларга асосланган. Қуйида фармонда акс этган асосий ғоялар, ёндашувлар ва истиқболли натижаларга тўхталиб ўтамиз.

Аввало, фармонда белгиланган асосий мақсадлар суд ҳокимиятининг тўлақонли мустақиллигини таъминлаш, судьялар ҳамжамияти органларининг ролини кучайтириш ва суд тизимининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини замонавий талабларга мослаштиришга қаратилган. Шундан келиб чиқиб, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойили устувор ўрин эгаллаши, судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлашда очиқликнинг кучайтирилиши, судьялар корпусида сифат ўсишини таъминловчи механизмларнинг жорий қилиниши устувор вазифалар сифатида белгиланади. Хусусан, суд тизимида гендер тенглик тамойилларини мустаҳкамлаш орқали аёл судялар улушини камида 30 фоизга етказиш бўйича аниқ мақсаднинг қўйилгани ҳам суд ҳокимиятининг замонавий демократик талаблар асосида ривожланаётганидан далолат беради.

Шунингдек, фармонда суд мустақиллигига оид илғор халқаро стандартларни жорий этиш борасида бир қатор муҳим янгиликлар белгиланган. Жумладан, судьяларни навбатдаги ўн йиллик муддатга қайта тайинлаш амалиётидан воз кечилиб, дастлабки тайинлашни беш йил муддатга, кейинги фаолиятни эса муддатсиз давом эттириш тартибини жорий этиш судя мустақиллиги тамойилининг асосий элементларидан биридир. Бу ёндашув судьяларни ҳар бир муддатда қайта баҳолаш босимидан холи қилади, улар фаолиятини сиёсий ёки бошқа ташқи омиллар таъсиридан ҳимоялашга хизмат қилади. Шунингдек, судья сифатида камида етти йил ишлаган мутахассисларнинг кенгаш судьялигига номзод сифатида тавсия қилиниши тизимга профессионал кадрлар кириб келишига замин яратади.

Бундан ташқари, Президент фармони билан Судьялар олий кенгаши таркибини шакллантириш тартибининг янгиланиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Унга кўра, Олий суд, вилоят судлари ва туманлараро, туман, шаҳар судлари вакиллари аниқ квоталар асосида доимий фаолият юритувчи судьялар сифатида кенгашга киритилиши белгиланган. Бу эса судлар иерархиясининг барча бўғинларидан вакиллик бўлишини таъминлайди ва кенгашнинг қарорларида адолатли, мувозанатли, тажрибага таянган ёндашувни кучайтиради. Кенгашнинг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи аъзоларини фуқаролик жамияти институтлари ва академик доиралар томонидан тавсия қилиниши эса давлат ва жамият ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қолаверса, мазкур фармон билан судьялик лавозимига номзодлар бўйича хулоса бериш тизими ҳам қайта кўриб чиқилди. Эндиликда хулосалар судьялар малака ҳайъатлари томонидан уларнинг ваколатига мос равишда тақдим этилади. Бу ёндашув суд тизимининг ўзида “ички профессионал аудит” механизмини яратади ҳамда баҳолаш жараёнида объективликни оширади. Шунингдек, кенгаш ва судьялар олий малака ҳайъатининг қўшма йиғилишини бекор қилиш – судьялар ҳамжамияти органларининг институционал мустақиллигини кучайтиришга қаратилган муҳим қадамдир.

Шу билан бирга, фармон суд бошқарувида очиқликни оширишни замонавий технологиялар асосида амалга оширишни белгилайди. Хусусан, 2025 йил 15 декабрдан бошлаб кенгашнинг расмий веб-сайтида суд тизимида мавжуд бўш раҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига оид маълумотлар ҳамда уларни эгаллаш учун танловда иштирок этиш тартиби, суд тизимида судьялик лавозимлари, шу жумладан, раҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ҳамда тайинлаш бўйича барча босқичларга оид маълумотларнинг эълон қилиниши – суд тизимида “очиқ маълумотлар” тамойилини жорий этишга хизмат қилади. Бу нафақат жамоатчилик назоратини кучайтиради, балки номзодлар учун тенг шароит яратади. Шунингдек, кенгаш ахборот тизимини “рақамли ҳукумат” тизими билан тўлиқ интеграция қилиш, номзодларни ортиқча ҳужжатлар билан чарчатмаслик, сунъий интеллект асосида судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолаш каби механизмларнинг жорий қилиниши суд бошқарувини тизимли трансформация қилишни англатади.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати – суд мустақиллигини кафолатлаш билан боғлиқ. Хусусан, адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарганлик учун жавобгарликни белгиловчи қонунчилик нормаларини суд мустақиллигига оид халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш, Кенгаш аъзоларининг суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш борасидаги фаолиятига аралашганлик учун жиноий жавобгарлик чораларини белгилаш юзасидан таҳлилий ишлар олиб борилиши суд ҳокимиятининг дахлсизлигини мустаҳкамлашга қаратилгандир. Шунингдек, судья интизомий жавобгарлигини белгиловчи мезонларнинг аниқ белгиланиши, интизомий ишда ҳимоя ҳуқуқининг таъминланиши, интизомий жазо амал қилаётган даврда юқори лавозимга тавсия қилинмаслик каби ўзгаришлар суд тизимида ҳалоллик ва касбий этикани мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Гендер тенгликка оид қоидаларнинг мустаҳкамланиши ҳам фармоннинг долзарб жиҳатларидан биридир. Хотин-қизлар учун Одил судлов академияси қабулида махсус квоталар белгиланиши аёлларни суд тизимига кенг жалб қилишга ёрдам беради. Аёл судялар ассоциацияси ташкил этилиши эса гендер масалаларида институционал платформанинг шаклланишига хизмат қилади. Бундан ташқари, илмий салоҳиятга эга судьяларнинг профессор-ўқитувчилик фаолиятидан сўнг аввалги лавозимига қайтиш имконияти уларнинг академик фаолиятга жалб этилишини рағбатлантиради.

Умуман олганда, мазкур фармон судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини ривожлантиришга қаратилган тизимли, комплекс ва изчил ислоҳотларни ўз ичига олади. Ушбу ислоҳотлар суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш билан бирга, бутун суд тизимининг самарадорлиги ва очиқлигини, судьяларнинг касбий маҳоратини ошириш, замонавий рақамли бошқарув тизимини жорий этиш каби кўплаб устувор йўналишларни қамраб олади. Ушбу ҳужжат суд ислоҳотларининг янги босқичини белгилаб, жамиятда адолат тамойилларининг мустаҳкам ўрнатилишига, суд тизимига бўлган ишончнинг янада ортишига ва демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш жараёнининг тезлашишига хизмат қилиши шубҳасиздир. Фармоннинг концептуал моҳияти – суд тизимини нафақат ташкилий-институционал жиҳатдан такомиллаштириш, балки уни жамиятга очиқ, профессионал, мустақил ва адолатли институт сифатида мустаҳкамлашдир.

Қаҳрамон Мирсафаев,

Тошкент шаҳар суди судьяси