СУД ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Пойтахтимиздаги Алфраганус университетида суд ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди. Унда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди раиси в.в.б А. Мирзахонов, жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди тергов судьяси А. Нормуҳамедов,  жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди тергов судьяси Х. Содиқовлар иштирок этиб, жиноятлар профилактикаси, қонунчиликдаги янгиликлар, ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар хусусида маълумот бердилар.

Кейинги пайтда пойтахтимизда ёшлар ўртасида жиноят содир этиш холатлари кўпайган. Айниқса, фирибгарлик, кибержиноят билан боғлиқ жиноятлар сезиларли ошган. Бу эса барчани огоҳ бўлишга чақиради. Тадбирда бу каби жиноятлар амалиётдаги мисоллар орқали тушунтириб берилди. Ёшларга уяли телефон орқали содир этилаётган жиноятлардан эҳтиёт бўлиш лозимлиги уқтирилди. Талабалар судьялардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда бу каби учрашувларнинг аҳамияти катта эканлиги эътироф этилди.