ЮНУСОБОДДА САЙЁР СУД ВА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАЛАРИ

Юнусобод туманида жойлашган  Тошкент архитектура-қурилиш университетида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2025 йил 3 январдаги ПҚ-1 – сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, уларни содир этилган холатлардан хулоса қилган ҳолда соғлом турмуш тарзига тарғиб қилиш мақсадида «Сайёр суд ва жиноят муҳокамалари» мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Унда жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди раиси ўринбосари Ф.Исмоилова, судья З.Латиповлар ва Ёшлар ишлари агентлиги Юнусобод тумани бўлими, пробация ва прокуратура вакиллари, талабалар иштирок этишди.

Дастлаб ёшларга суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг аҳамияти хусусида маълумот берилди. Шунингдек, ЎРҚ-1084-қонуни, яъни ёпиқ суд мажлислари маълумотларини ошкор этмаслик талаблари тушунтирилди.

Шундан сўнг судьялар томонидан сайёр суд муҳокамалари бўлиб ўтди. Сайёр судда иши кўрилганлар турли ёшда бўлиб, улар гиёҳвандлик, жамоат жойида тартибни бузган, ўғирлик ва бошқа жиноятларни содир этганлар. Ёшлар иштирокида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисларида уларнинг иши кўриб чиқилиб, қонуний қарорлар қабул қилинди. Пробация тақдимномалари асосида жазони асосий қисмини ўтаганлар шартли озодликка чиқарилди.

Ёшлар билан учрашувда жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари, жиноятга жазо муқаррарлиги ҳақида тушунтириш берилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.