“РАҚАМЛИ СУД» КОНЦЕПЦИЯСИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА БИОМЕТРИК ИДЕНТИФИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ ИСТИҚБОЛЛАРИ
Сўнгги йилларда судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича кенг кўламли ташкилий, ҳуқуқий ва техник ишлар амалга оширилди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг суд фаолиятини рақамлаштириш бўйича жуда кўплаб фармон ва қарорлари қабул қилиниши ортидан соҳада тарихий натижаларга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.08.2025 йилдаги «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-140-сон Фармони суд тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш бўйича аниқ вазифалар ҳамда истиқболли йўналишларини белгилаб берилиши бу борада муҳим дастуриламал бўлди.
Айниқса “Рақамли суд» концепциясини амалга ошириш доирасида сунъий интеллект технологияларидан, хусусан криминалистик идентификациянинг замонавий имкониятларидан фойдаланилиши жараёнларни автоматлаштириш, рақамлаштириш ва ахборотлаштиришнинг мутлақ янги босқичга олиб чиқиб кўплаб қулайликлар яратади.
Биринчидан, ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмасдан ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этишини белгиланиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига судда қатнашиш учун сарфланадиган йўл харажатлари ва иш вақтини тежашга хизмат қилади.
Амалиётга кўра бошқа ҳудудда жойлашган судда иштирок этилши лозим бўлган шахс йўл ҳаражатлари сарфлаб бориши ёки ўзи яшаб турган ҳудуддаги судга бориб, видеоконференц алоқаси залига кириб қатнашиши талаб этилган. Эндиликда, иштирокчилар ўз мобил телефонлари ва компьютеридан фойдаланган ҳолда суд мажлисларида масофавий иштирок этиши таъминаланади. Бунда, судда онлайн иштирок этаётган шахснинг юз қиёфаси белгиларига кўра автоматик равишда “Face-id” иловаси ёрдамида иидентификация қилинади ҳамда шахснинг биографик маълумотлари тизимга автоматик равишда қайд этилади.
Иккинчидан, суд мажлиси иштирокчилари суд жараёнларида ҳозир бўлганини тасдиқлаш ҳамда суд таркибига ва судья томонидан бошқа тушунтиришларга розилигини бармоқ сканери ёрдамида тасдиқлаш имкониятини яратилиши суд жараёнларини автоматлаштириш ва ҳужжатлар ишончлилигини оширишга имкон беради.
Ҳозирда суд мажлисига келган иштирокчининг шахси унинг тасдиқловчи ҳужжати асосида қайд этилади ва тушунтиришларга розилиги учун имзо қўйиши талаб этилади. Аммо амалиётдаа имзонинг табий ўзгариши ва атайин имзони ўзгартириб бажариш ҳолатлари учраб туради. Йўлга қўйилиши режалаштирилган тизимда иштирокчиларнинг розилигини тасдиқлаш уларнинг бармоқ излари ёрдамида тасдиқланиши ҳужжатниинг ишончлилигини оширади ва кейинчалик шахснинг ўзи бўлмаган тақдирда ҳамда идентификация қилиш имконини яратади.
Учинчидан, иштирокчиларнинг сўзлаган нутқ ва кўрсатмаларида овози реал вақт режимида автоматик равишда матнга ўгирилиб суд мажлиси давомида баённомалар тузилиши суд жараёнларини тўла ва ишончли қайд этиб борилишини таъминлайди.
Маълумки суд мажлиси баённомаларида иштирокчиларнинг кўрсатмалари нотўлиқ ёки юзаки қайд этилиши ҳатто, судья, прокурор, адвокат томонидан берилган саволлар баённомада тўлиқ ўз аксини топмаётган ҳолатлар учраб турибди. Бироқ эндиликда иштирокчиларнинг овозли кўрсатмалари махсус стенографик дастурлар ёрдамида автоматик равишда матнга ўгирилиши суд мажлиси баённомаси тўлиқ шакллантирилади, бу эса суд мажлиси баённомаларини матнини теришга масъул ходимларнинг ортиқча қўл меҳнати ва иш вақтини тежаш билан бирга баённомаларни ҳар томонлама тўлиқ шакллантиришга ҳамда ишончлилигини оширишга хизматга қилади.
Ўзбекистон Республикасининг процессуал қонунчилик ҳужжатларида (ФПК-276-278м, ЖПК 426м, МЖтК 308м) суд мажлиси баённомалари жараёнларини тўлиқ қайд этилишини талаб этади.
Россия, Белорусия, АҚШ, Корея, Япония ва Европа давлатларида суд мажлиси жараёнларини тўлиқ қамраб олган ҳолда овозли сўзларни автоматик равишда матнга ўгириш технологияларидан фойдаланиш миллий қонунчилик нормаларда белгилаб қўйилган.
Умуман олганда, “Рақамли суд» концепциясида назарда тутилган вазифаларни амалга оширишда замонавий биометрик идентификация технологияларидан кенг фойдаланиш қарорларнинг қонуний ва асосли бўлиши ҳамда суд ишларини юритишдаги процессуал ҳужжатларнинг сифатли бўлишини таъминлайди деб ҳисоблаймиз.
Машҳура Байбекова,
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси