МАЪРИФИЙ ВА ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ ИШЛАРИДА ФАОЛ СУДЬЯ
Мамлакатимизда китобхонлик маданияти ва даражасини ошириш ҳамда қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишидан бири сифатида белгиланган. Бу борада алоҳида давлат дастури тасдиқланди, 2021 йилдан бошлаб, апрель ойининг биринчи ҳафтаси “Китобхонлик ҳафталиги” деб эълон қилинди.
Судьялар олий кенгаши томонидан ўтказиб келинаётган “Энг яхши китобхон судья” танлови тизимда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида белгиланган тадбирлардан биттаси ҳисобланади.
Уч босқичдан иборат танловда Кенгаш томонидан тасдиқланган юзга яқин номдаги адабий-бадиий, тарихий ва маърифий китоблардан биттасини танлаган ҳолда эссе ёзиш имконияти берилди.
Танловнинг биринчи босқичида 636 нафар судья иштирок этган бўлса, ҳудудий комиссиялар тавсияси билан иккинчи босқичда 198 нафар, якуний босқичда эса 10 нафар судьянинг маърифий салоҳияти баҳоланди.
Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Тошкент туманлараро маъмурий судининг судьяси Ўткирбек Соатов “Энг яхши китобхон судья” танлови ғолиби деб топилди.
Шунингдек, танлов доирасида маърифий ва ҳуқуқий тарғибот ишларда алоҳида фаоллик кўрсатиб келаётган Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шоира Эрметова Судьялар Олий Кенгашининг махсус совғаси билан тақдирланди.
Биз ҳам Ш. Эрметовани ҳуқуқий тарғибот ишларида алоҳида фаоллиги учун чин юракдан табриклаб, келгуси фаолиятларида муваффақиятлар тилаймиз!