ҚИЛМИШИДАН ХУЛОСА ЧИҚАРМАГАН БЕЗОРИ

Оилада катталар албатта кичикларни тартибга чақиради, баъзан койийди. Уйга кеч келса сабабини сўрайди. Лекин ҳеч қачон жигарига ёмонликни раво кўрмайди. Айрим ҳолларда буни нотўғри тушунадиган укалар ҳам учрайди. Ахир опа ҳам она ўрнида кўрилади.

Ҳамид Долимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Тошкент шаҳрида туғилган. Бўйдоқ ва ишсиз. Муқаддам жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг ҳукми билан босқинчилик жинояти учун судланган бўлишига қарамай, ундан тегишли хулоса чиқариб олмади.

Гап шундаки, Ҳамид 2024-йил 22-октябрь кечки пайт соат тахминан 20:00ларда опасининг қизи, яни жияни билан сайр қилгани чиқишади. Шундан сўнг, кечки пайт 23:30да жиянини олиб уйига қайтганда, опаси Нозима ундан нима сабабдан ярим тунда уйга қайтаётганини, ишламай сандроқлаб юрганини айтганида, ўртада гап қочади. Опа ука ўртасида бақир-чақир, жанжал чиқади.  

Худди шу вақтда икки ўртоғи билан кўчадан  ўтиб кетаётган Жасур бу жанжалга гувоҳ бўлиб қолади. Йигитнинг аёл билан жанжаллашишига Жасур жим қараб тура олмас эди. Шериклари “қўй, аралашма” дейишига қарамасдан улар олдига бориб жанжални бартараф қилмоқчи, уларни яраштириб қўймоқчи бўлади. Аммо ўзини шер санаган  Ҳамид «сени нима ишинг бор, бизни оилавий ишимизга аралашма» деб уни бу ердан кетишини сўрайди. Аммо Жасур кетишни хаёлига ҳам келтирмайди. Шунда аламзада Ҳамид уйига кириб, қўлида пичоқ кўтариб чиқади. Жанжалга аралашган йигитга яхшиликча кетмадинг, энди ўзингдан кўр, дея кўкрак тарафига пичоқ уради. Жасур бундай бўлишини асло кутмаган эди. Ҳеч бир жиддий сабабсиз тан жароҳат олди. Уни  ўртоқлари шифохонага олиб боришди. Қилғиликни қилган  Ҳамид эса ёрдам бериш ўрнига воқеа жойидан қочиб кетади.

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судида кўриб чиқилди. Судланувчи судда жабрланувчининг холидан хабар олганини, ҳозирда қилган ишидан пушаймонлигини, кечирим сўрашини айтиб, суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўради.

Жасур аҳволи яхшилангани, ҳозирда судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдирди. Ҳамиднинг опаси ҳам укасини кечиришларини сўради. Аммо қонун кечирармиди?

Суд Ҳ.Долимовни Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисмининг «г» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 60, 61-моддаларига асосан, ҳукмлар мажмуи бўйича мазкур ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлар бўйича Миробод туман судининг 2022-йил 16-декабрдаги ҳукмига кўра тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этди.

Арзимаган сабаб билан опасини ранжитган, уларни тартибга чақирган йигитга пичоқ кўтариб чиққан Ҳамид бу қилмишидан хулоса чиқариши керак, албатта.

Фарҳод Ҳикматуллаев,

Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди раиси

Дилфуза Қурбонбоева,

Ўзбекистон жаҳон тиллари университети талабаси