СУДЬЯЛАР ФАОЛИЯТИДА ШАФФОФЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ КОРРУПЦИЯНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида қўйилган вазифалардан келиб чиқилса, судьялардан шахсий масъулиятни ошириш, одил судловни таъминлаш ва жамият ишончини мустаҳкамлаш талаб этилади.

Судьяларнинг ҳалоллиги, холислиги ва фаолиятида шаффофликни таъминлаши – коррупциянинг олдини олишда ҳал қилувчи омиллардан.

Тошкент шаҳар судида коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган йиғилишда шу ҳақда сўз юритилди.

Тошкент шаҳар суди раиси Э.Хўжақулов суд-ҳуқуқ тизимида коррупциянинг олдини олиш, одил судлов жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш ва тизимда ички назорат ҳамда масъулиятни кучайтириш зарурлигини қайд этди. Коррупцияга қарши курашишнинг долзарб йўналишлари, 2025 йил 11 март куни Олий суд раиси томонидан судьялар ва суд органлари ходимларига йўлланган мурожаатга алоҳида эътибор қаратди.

Мурожаатда судьяларнинг ўз фаолиятига танқидий ёндашиши, шахсий масъулиятни ҳис этиши, фуқаролар билан очиқ ва холис мулоқотда бўлиши, ҳар бир қарор қонуний, адолатли ва асосли бўлиши зарурлиги таъкидланган.

Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Исломов фуқаролик суд ишларида учраши мумкин бўлган коррупциявий хавфлар ва уларнинг олдини олиш масалаларига тўхталди.

Суд жараёнларини рақамлаштириш, очиқликни таъминлаш ва малакали кадрлар тайёрлаш – коррупцияга қарши самарали курашнинг муҳим шартларидан бири экани таъкидланди.

Судьялар томонидан коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш, ички назоратни кучайтириш, судьяларнинг касбий ва ахлоқий савиясини ошириш ҳамда жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.