ЎРГАНИШ НАТИЖАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Тошкент шаҳар судида Олий суд Раёсатининг 2024 йил 27 августдаги “Судларда одил судловни самарадорлигини ошириш, ишларни ташкил этиш фаолиятига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда мониторинг олиб бориш бўйича кураторлик (минтақавий масъуллик)ни амалга ошириш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш юзасидан Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлари фаолиятини жорий йилнинг апрель ойида ўтказилган кенг қамровли ўрганиш натижаларини муҳокама қилишга бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Олий суди раисининг ўринбосари О. Исмоилов, Олий суд судьяси Д. Исроилова, Тошкент шаҳар суди раиси Э. Ходжакулов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б. Исломов, судлов ҳайъати судьялари, туманлараро судлар судьялари иштирок этдилар.

Олий суд раисининг ўринбосари О.Исмоилов бошқарган йиғилишда сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида суд-ҳуқуқ тизимини мақсадли ислоҳ қилиш амалга оширилаётгани, бунда суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, судьяларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, ҳар бир судья қонун ва жамият олдидаги юксак масъулиятини англаши, ҳалоллик, ростгўйлик ва касбий виждонлилик намунаси бўлиши лозимлиги, коррупцияга қарши кураш ҳар бир судьянинг ўз-ўзини англашидан бошланиши кераклиги, бунинг учун доимий равишда билимларни ошириб бориш, ҳуқуқий тафаккурни чуқурлаштириш ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш ғоят муҳимлиги таъкидланди.

 

Бугун билимли ва юқори малакали кадрларсиз одил судлов самарадорлигини таъминлаб бўлмайди. Шу муносабат билан судлар мустақиллигини таъминлаш нафақат ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллай оладиган, балки фуқаролар ва давлат манфаатлари йўлида адолатли, қонуний қарорлар қабул қила оладиган кучли профессионал жамоани шакллантиришни тақозо этиши қайд этилди.

Олий суд судьяси Д. Исроилова ўз маърузасида Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлари фаолиятини жорий йилнинг апрель ойида ўтказилган кенг қамровли текшириш натижалари, унда аниқланган камчиликларга эътибор қаратди. Туманлараро судлар фаолиятида йўл қўйилган бир қатор процессуал хатоликлар, моддий ҳуқуқ нормаларини талқин қилишдаги янглишишларга тўхталиб, камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ва қонунчиликни қўллашда ягона ёндашувни ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари одил судлов сифатини ошириш, судьялар жамоасининг интизоми ва масъулиятини мустаҳкамлаш, фуқаролик ишларини юритиш амалиётини такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Йиғилишда судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, суд амалиётининг бир хиллигини таъминлаш, очиқлик ва шаффофликни кучайтириш бўйича тизимли чора-тадбирларни изчил амалга ошириш, бу эса жамиятнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлашнинг муҳим шарти эканлиги қайд этилди.