ДАЪВО АРИЗА КИРИТИШДАГИ КАМЧИЛИКЛАР       

Тошкент туманлараро иқтисодий суди ташаббуси билан  Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасида судга даъво аризаси билан мурожаат қилишдаги камчиликлар ва уларни бартараф этишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьялари Й.Норбеков, У.Алиев, С.Тўлқинов, Ш.Якубов, Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи А.Мухаммадбоқиев, Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи И.Кадиров ва ташкилот вакиллари иштирок этди.

 Танқидий тусда ўтган йиғилишда Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритилаётган даъво аризалари сифатсиз, асослантирилмасдан, жавобгарнинг почта манзиллари тўлиқ кўрсатилмасдан юзаки тақдим қилиниб келинаётганлиги танқид қилинди.

Мисол учун даъвогар тарафлар ўртасида тузилган ижара шартномаси бўйича шартномани бекор қилиш талаби қўйилган бўлса-да, иш ҳужжатларига қонунда белгиланган тартибда шартномани бекор қилиш бўйича жавобгарга таклиф берилмагани оқибатида, даъво аризанинг ушбу қисмини кўрмасдан қолдирилишига сабаб бўлмоқда.

Даъво аризада ундириш сўралган ижара тўлови ва уни кечиктирилгани учун ҳисобланган пеня суммаларининг ҳисоб китоби аниқлаштирилмаяпти, айрим даъво аризаларда эса жавобгар судгача ижара тўловларини тўлаб берган бўлса-да, судга даъво аризалар киритиш ҳолатлари учрамоқда.

Йиғилишда шунингдек, даъвогарнинг масъулиятсизлиги оқибатида давлат мулкидан фойдаланганлик учун давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган миллионлаб суммаларни ўз вақтида тўланмаслигига олиб келинаётганлиги холатлари  муҳокама қилинди ва Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғига нисбатан мансаб ваколатига совуққонлик билар қарагани учун белгиланган тартибда жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун Тошкент шаҳар прокурорига хабарнома юбориш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Йиғилишда, тугатилаётган корхоналарнинг тугатиш жараёнлари  бўйича мавжуд муаммоларга қонунчилик доирасида ечим ва маслаҳатлар берилди.