ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Тошкент туманлараро иқтисодий судида тўловга қобилиятсиз деб топилган тадбиркорлик субъектларининг бюджет олдидаги умидсиз солиқ қарзини ундириш (қисқартириш) борасида суд бошқарувчилари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси, Тошкент шаҳар прокуратураси ва Мажбурий ижро бюроси, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ҳамда суд бошқарувчилари иштирок этди.
Тадбирда Тошкент туманлараро иқтисодий судининг раис ўринбосари М.Султонов “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун асосида қарздорлар -жисмоний ва юридик шахсларнинг, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қарзларини тўлаш ва банкротлик жараёнини тартибга солиниши ва суднинг ҳал қилув қарорлари билан тўловга қобилиятсиз деб топилган ва тугатиш муддатлари бир йилдан ошган ишлар бўйича мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари, шунингдек, Олий суди Пленумининг 2024 йил 16 декабрдаги иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисидаги қарори ижроси юзасидан маълумот берди.
Нотиқ томонидан узоқ муддатдан буён тугатилмасдан келинаётган тўлов қобилиятини йўқотган корхоналарнинг сони мунтазам равишда ошиб бораётганлиги ҳолатлари солиқ органининг ва бошқа кредиторларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги масалаларига эътибор қаратилди.

Суд бошқарувчилари томонидан ишларни ўз вақтида ва самарали ташкил этиш, тугатиш чораларини қонунда белгиланган муддатларда якунлаш, қонунбузилиш холатларига йўл қўймаслик ҳамда суд бошқарувчиларининг тўловга қобилиятсизлик жараёнларини ўтказаётганда қарздорнинг ва кредиторларнинг манфаатларини кўзлаб оқилона иш юритиши шартлиги таъкидланди.
Давра суҳбатида тўловга қобилиятсиз деб топилган корхоналарнинг тугатиш ишларини олиб боришда давлат хизматларини рақамлаштириш ва Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тегишли давлат ташкилотлари билан интеграция қилинганлиги ҳамда тугатиш жараёнларида юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, зикр этилган муаммоларга қонунчилик доирасида ечим ва маслаҳатлар берилди.