СУДЬЯ ТАКЛИФИ: ҚОНУНЛАРДА МАЖБУРИЯТЛАР ИХТИЁРИЙ БАЖАРИЛИШИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШГА ОИД НОРМАЛАР БЎЛИШИ КЕРАК
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 333-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг судьяси Гулруҳ Мамараимова мазкур лойиҳа ҳақидаги фикрлари ва таклифлари ҳақида гапириб берди:
– Фуқаролик ишлари бўйича судларда кўрилаётган ишлар ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда. Шу сабабли, судларда ишларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш мақсадида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида мунтазам ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Судьялар корпусини сон жиҳатдан ошириш, судларда ишларни юритишнинг соддалаштирилган ҳамда электрон шаклларини жорий қилиш ҳамда ушбу шаклларда иш юритиш ҳажмини ошириш шулар жумласидан.
Ҳам амалиётчи, ҳам назария бўйича мутахассис сифатида, судларда кўрилаётган иш ҳажмига таъсир қилишнинг бир воситаси сифатида қонунчилигимизни фуқаролар (бошқа ҳуқуқ субъектлар)нинг ўз мажбуриятларини ихтиёрий бажаришини рағбатлантиришга қаратилган нормалар билан янада бойитиш зарурати бор, деб ҳисоблайман.
Хабарингиз бор, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 333-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.
Лойиҳага кўра, Меҳнат кодексининг 333-моддаси иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён қилиниши назарда тутилган: ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдорини ҳисоблашда кечиктирилган тўлов миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасининг тўрт фоизига кўпайтирилади, сўнгра ушбу миқдор кечиктирилган кунлар сонига кўпайтирилади (кечиктирилган тўлов (асосий ставка 4 фоиз) кечиктирилган кун = пулли компенсация).
Таклиф қилинаётган лойиҳада пулли компенсация миқдори Марказий банкнинг асосий ставкасига фоиз нисбатида олинмоқда. Ўз навбатида, бу ставка ўзгарувчан бўлиб, кейинчалик пулли компенсацияларни ҳисоблашда ноқулайлик келтириб чиқариши мумкин, деган фикрдамиз.
Сабаби, тўлов кечиктирилган даврда асосий ставка ўзгарса, пулли компенсация кичкина тафовут билан икки хил фоиз кўрсатгичи билан ҳисобланишига тўғри келиши мумкин.
Шу сабабли, бошқа қонунчилик ҳужжатларида мавжуд норма ижодкорлигидан келиб чиқиб, тўлов кечиктирилган кунлар учун аниқ, мисол учун, “ҳар кечиктирилган кун учун кечиктирилган сумманинг 0,4 фоиз миқдорида пуллик компенсация ундирилади” шаклида лойиҳани тўлдириш мақсадга мувофиқ. Бу халқ учун ҳам, қонунни қўлловчи учун ҳам қулай бўлар эди.
Шунингдек, мазкур нормага яна бир таклифимиз мавжуд. Унга кўра, ушбу иш берувчи тўлов муддатини қанча кўп кечиктирса, унинг жавобгарлиги ҳажми ошиб борилишини белгилаш мақсадга мувофиқ. Яъни, иш берувчи ходимга тўланиши лозим бўлган тўловларни кечиктирган 1 – 3 ойлари учун ҳар кечиктирган куни учун кечиктирилган сумманинг 0,4 фоиз миқдорида, 4 – 6 ойлари учун 0,8 фоиз миқдорда, 6 ойдан ортиқ муддатга кечиктирган кунлари учун 1 фоиз миқдорида пулли компенсация ҳисобланиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Сабаби, тўловни ўз вақтида амалга оширишни қанча кўп кечиктирса, жавобгарлик ҳажмининг шунча ошиши бу иш берувчи томонидан ўз мажбуриятларини вақтида ва ихтиёрий бажаришга сабаб бўлиши мумкин.
Шу ўринда, Меҳнат кодексидаги яна бир нормага қонун ижодкорларининг эътиборини қаратишни истардим. Шу лойиҳа доирасида ушбу норма ҳам муҳокама қилиниб, қонунчиликдаги айрим ноаниқликлар бартараф этилса, нур устига аъло нур бўлар эди.
Меҳнат кодексининг 336-моддасида ходимнинг ҳаётига ва соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб бўйича судгача тартиб жорий қилинган. Унга кўра, ходим ўзининг ҳаётига ва соғлиғига етказилган зиённи қоплаш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилишдан олдин иш берувчига ариза билан мурожаат қилиши лозимлиги белгиланган (ходим ёки зиённинг ўрни қопланишига доир ҳуқуққа эга бўлган манфаатдор шахслар иш берувчининг қароридан рози бўлмаган ёки Меҳнат кодексининг 336-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган муддатда жавоб олмаган тақдирда, улар ушбу низони ҳал қилиш учун судга мурожаат қилиши мумкин).
Шунингдек, шу мазмундага норма Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сон қарори билан тасдиқланган “Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидалари”нинг 40-бандида ҳам белгилаб қўйилган. Унга кўра, ходим ёки манфаатдор шахслар иш берувчининг қароридан норози бўлган ёки белгиланган муддатда жавоб олинмаган тақдирда ушбу низони ҳал этиш учун судга мурожаат қилиши мумкин.
Бу, ўз навбатида, Меҳнат кодекси 558-моддасининг иккинчи қисмидаги нормага мувофиқ келмайди. Мазкур норма биринчи қисмида бевосита судлар томонидан кўриб чиқиладиган меҳнат низолари санаб ўтилган бўлса, ушбу норманинг иккинчи қисмида бевосита суд томонидан кўрилиши белгиланган низолардан ташқари якка тартибдаги меҳнат низолари (ҳар қандай якка тартибдаги меҳнат низоси назарда тутилган) ходимнинг хоҳишига кўра бевосита судларда кўрилиши белгиланган.
Шу ўринда, қонун ижодкорларидан ушбу масалага ҳам ечим бериб кетишларини сўраб қоламиз. Агар мутахассис сифатида айтадиган бўлсак, судгача тартиб қайсидир маънода судларда кўриладиган иш ҳажмига таъсир қилади. Судгача, тартиб муддатлари жуда қисқа бўлиб, бу ходимнинг ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлади, деб ҳисобламаймиз.
Шу ўринда, қонунчиликда меҳнат низоларини судгача ҳал қилиш тартибларини сақлаб қолиш, шунингдек, уларнинг ҳажмини ошириш тарафдорилигимизни маълум қилиш билан бирга, иш берувчиларнинг ўз мажбуриятларини ихтиёрий бажаришга қаратилган қонунчиликни ҳуқуқий тизимимизга жорий қилишни ҳам таклиф қиламиз.
Яъни, ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарларни ундириш юзасидан ходим ва манфаатдор шахслар судга мурожаат қилишидан олдин иш берувчига мурожаат қилиши лозимлиги, бунда иш берувчи томонидан бир йўла тўланадиган пуллик компенсация ихтиёрий қопланганда, у ходимнинг 1 йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлмаслиги, агар суд томонидан ундириш белгиланганда ходимнинг 1,5 йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак, деган қоидаларни жорий қилиш низоларни судсиз ҳал қилишга хизмат қилади.
ЎзА мухбири
Н.Абдураимова
ёзиб олди.