ЁШЛАР ЎРТАСИДА ГИЁҲВАНДЛИКНИ ОЛДИНИ ОЛИШГА ҚАРАТИЛГАН ТАДБИРЛАР

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди судьялари томонидан туманда жойлашган хусусий олий таълим муассасаларидан бирида сайёр суд муҳокамалари бўлиб ўтди.

 

Унда жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди раисининг ўринбосари Ф.Исмоилова, судьялар У.Мусаев, Б.Баҳринов, З.Латипов, Ж.Хожимуродов, ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси вакиллари, талабалар ва ҳуқуқбузарлар иштирок этишди.

 

Сайёр судда ассосан МЖтК талабларини бузган, гиёҳвандлик, психотроп дори воситаларини сақлаган,тарқатмоқчи бўлган 6 нафар ҳуқуқбузар иши кўриб чиқилди.

 

Мисол учун, 2000 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Т.Д.гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай, оз миқдорда ғайриқонуний равишда сақлаб келган. Хусусан, жорий  йил 25 сентябрь куни соат тахминан 23:50 ларда, Юнусобод тумани ички ишлар ходимлари томонидан 13-мавзе, 57-уй яқинида ўзини шубҳали тарзда тутганлиги сабабли 2 нафар холислар иштирокида шахсий тинтувдан ўтказилганда, эгнидаги кийимининг ички чап чўнтагидан 1 дона 2 000  сўмлик купюрага ўралган мохоркасимон модда олиб юрганлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

 

Унга МЖтКнинг 56-моддаси(гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни оз миқдорда ғайриқонуний равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш) да кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Тадбирда талабаларга бундай ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик бўйича тегишли тушунтиришлар берилди.