ПОКЛАНИШ ПАЛЛАСИ КИТОБИ ТАҚДИМОТИ

Тошкент шаҳар судида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, ҳуқуқшунослар устози Убайдулла Мингбоевнинг «Покланиш палласи» китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда муаллиф ва суд фахрийлари, судьялар, суд ходимлари, китобсевар ёшлар иштирок этишди.

Тадбирни Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси М.Мирзажонов олиб борди. Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси матбуот котиби, китоб масъул муҳаррири Ш. Даминов устознинг 12 – китобини йиғилганларга тақдимот қилди. Яъни, мазкур асарда муаллифнинг фарзанд тарбияси, инсон ва унинг ахлоқий қарашлари, давлат ва жамиятда юз бераётган янгиланишларга муносабати, дахлдорлик ҳисси ва ҳуқуқий давлатнинг муҳим шартларидан бири бўлган қонун устуворлигига оид фикрлари акс этган.

Тадбирда китоб муаллифи, Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси У.Мингбоев сўзга чиқиб, китобнинг яратилиши, ундаги келтирилган асосий ғоялар, бугунги кунда судьянинг вазифаси, унинг одоби, ўзини тутиши, фақат қонунга таяниши юзасидан ўз фикрларини баён этди.

Шунингдек, тадбирда суд фахрийлари Қ.Мирзажонов, Ю.Ибрагимов, У.Қурбоновлар сўз олиб, ўз тажриба ва хотиралари билан ўртоқлашди. Ҳозирги судьяларга яратилган шароитлар ҳақида гапириб, ҳалол меҳнат билан инсон обрўга эга бўлишини таъкидладилар.

Тадбирдан йиғилганлар маънавий завқ, кўтаринки кайфият олдилар.