ИЖРО МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Тошкент шаҳар судида суд ҳужжатларининг ижроси, давлат божи, қарздорликни ундириш  масалалари билан боғлиқ йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Тошкент шаҳар суди, туман(туманлараро) судлари раислари, Тошкент шаҳар маъмурий суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси, туманлар мажбурий ижро бюроси вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов олиб борди. Таъкидландики, суд қарорлари ижроси, мавжуд қарздорликларни ундириш масалаларида оқсоқлик кузатилаяпти. Бундай вазиятда судлар ва мажбурий ижро бюролари билан янада ҳамкорликни йўлга қўйиш, суд қарорлари ижроси таъминланиб, фуқаро ҳамда ташкилотларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни жадаллаштириш лозим.

 

Йиғилишда Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Бўриев,  Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг ўринбосари А.Жонқобиловлар ҳам муҳокама этилаётган масала юзасидан ўз таклифларини айтиб ўтишди.

Тадбирда судлар томонидан давлат фойдасига ундирилиши лозим бўлган маблағларни тўлиқ ундирилиниши таъминлаш, бюджетга ўз вақтида ўтказилиши, судлар томонидан белгиланган жарималар ва давлат божлари ундириш ҳақидаги суд ҳужжатларини ўз вақтида ижрога қаратиш, шунингдек, бугунги кунга қадар ижроси таъминланмаган ижро ҳужжатларини мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари билан ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.