МУТАССАДДИЛАР ИШТИРОКИДА АМАЛИЙ МУЛОҚОТ
Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати билан ҳамкорликда “Ўзбошимчалик билан қурилган бино-иншоотларни бузиш, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонларини қайтариш билан боғлиқ низоларни кўришда юзага келаётган масалалар ва уларни ҳал этиш бўйича кўрилиши лозим бўлган чора-тадбирлар” мавзусида мутасадди ташкилотлар иштирокида амалий мулоқот бўлиб ўтди.
Йиғилишни Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосарлари, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси И.Алимов ва фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Исламовлар олиб боришди.
Бугунги кунда аҳолининг иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жумладан турар-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган ва бу соҳада қатор ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.
Ўтган йиллар давомида бир қанча уй-жой массивлари ҳамда ўзга кўчмас мулк иморатлари барпо этилди, зарур муҳандислик коммуникация инфратузилмалари ўтказилиши таъминланди. Қишлоқ аҳолиси учун янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилишини назарда тутувчи давлат дастурлари амалга оширилди.
Фуқароларнинг қонунчиликда мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратилган ер участкаларида якка тартибда уй-жой қуриш ҳуқуқи кафолатланди.
Бироқ, жойларда ер қонунчилигига риоя қилмаслик, ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, жумладан ноқонуний қурилмалар қуриш, шунингдек, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари учраётганлиги бу борада рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш орқали ягона назорат тизимини жорий этиш ҳамда ваколатли идоралар ўртасида ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.
Таъкидландики, ер тузиш ва кадастр органлари томонидан ўтказилган республика кўчмас мулк фондининг ялпи хатлови якка тартибда уй-жой ва ўзга кўчмас мулк иморатларини қуриш соҳасида, қонунийликни таъминлаш масалаларида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйилаётганлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, ер участкаларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилиш уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан минглаб фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан кўп йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида якка тартибда уй-жой ва (ёки) ўзга кўчмас мулк иморатларини ноқонуний барпо этилганлик ҳолатлари аниқланмоқда.
Маълумки, ердан мақсадли фойдаланиш устидан давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 февралдаги 66-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги тўғрисида”ги Низомга мувофиқ Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилади.
Агентликнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари ер тўғрисидаги қонунлар ижроси устидан тизимли назорат ўрнатиш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймаслик чораларини кўриб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 февралдаги “Қурилиш монтаж ишлари сифатини тубдан яхшилаш, қурилишни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги ПҚ-4586-сонли Қарорининг 2-бандига кўра, инспекция ва ҳудудий инспекцияларга давлат қурилиш назоратини амалга ошириш доирасида қонун ҳужжатларида назарда тутилган қурилиш соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларига риоя қилинмаган ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича камида иккита кўрсатма бажарилмаган тақдирда қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб қўйиш ва демонтаж ишларини амалга ошириш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилган.
Амалий мулоқотда Архитектура ҳамда қурилиш соҳасидаги ваколатли органлар томонидан даъво аризалари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (ИПК) ва Фуқаролик процессуал кодекси (ФПК) талаблари асосида тақдим этилмаётганлиги, даъво аризалари ваколатсиз шахслар томонидан имзоланаётганлиги, даъво талаблари етарлича асослантирилмаётганлиги, шунингдек, суд мажлисларида узрсиз сабабларга кўра иштирок эмаётганлиги, даъво аризасига асос сифатида келтирилган далолатномаларда акс эттирилган ҳолатлар, хусусан, ноқонуний қурилмалар айнан ким томонидан қурилганлиги, уларнинг жойлашган юридик манзили , ноқонуний қурилманинг ўлчам (кв.м)ларида тафовутлар мавжудлиги ҳолатлари учраётганлиги сабабли, йўл қўйилаётган камчиликларни муҳокама қилиш, келгусида хато ва камчиликларга йўл қўймаслик мақсадида тегишли чора-тадбирларни белгилаб олиш тўғрисида ўзаро фиклашиб олинди.