БЎЛАЖАК СУДЬЯ ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Бугун Тошкент давлат юридик университетида бўлажак судьяларни тайёрлашга йўналтирилган танловнинг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

 Бутун дунё мамлакатларида кадрлар масаласи, хусусан ёшларни ўз соҳасининг етук мутахассиси қилиб етиштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Маълумки, мамлакатимизда ҳуқуқшунос сифатида фаолият юритаётган кўплаб кадрлар Тошкент давлат юридик университетининг битирувчилари ҳисобланади. Ушбу университетида таълим олаётган ёш кадрлар келажакда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасининг турли йўналишларида фаолият олиб боради. Ушбу ёшларнинг таълим тарбиясида университет жамоасидан ташқари Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва қуйи суд вакиллари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

 

Бир неча йилдан бери Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида, Бўлажак судья, Фуқаролик ишлари бўйича намунавий суд процесси(TSUL Сourt), Жиноят ишлари бўйича намунавий суд процесси, Иқтисодий ишлар бўйича намунавий суд процесси, Маъмурий ишлар бўйича намунавий суд процесси мусобақалари ўтказилиб келинмоқда.

Мазкур танловларда ҳар йили мингдан ортиқ талабалар иштирок этади. Бу борада 2022 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланганлиги муҳим ўрин тутмоқда.

Мазкур танловлар 2023-2024 йил ўқув йилида ҳам давом эттирилди. Ушбу танловларда бир неча жамоалар беллашди. Унда Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган судьялар талабаларнинг суд процессларини иммитация қилиш жараёнларини, тарафлар сифатида ўз позициясини ҳимоя қилиш, ўз позицияси бўйича барча процессуал ҳуқуқлардан тўлиқ ва тўғри фойдаланишларини, талабаларнинг нотиқлигини ҳамда энг асосийси моддий ҳуқуқ ва процессуал ҳуқуқни билиш даражасини баҳолаб бердилар.

Бугун Тошкент давлат юридик университетида мазкур танловларнинг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Олий суд кадрлар бошқармаси бошлиғи М. Муҳиддинов, Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосарлари Б.Исламов, И.Алимов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси У.Алмамедов иштирок этиб, танлов ғолибларига диплом ҳамда эсдалик совғалари топшириб, энг эзгу тилакларини билдиришди.

Гулрух Мамараимова,

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси.