УНИВЕРСИТЕТДА САЙЁР СУД

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьяси А.Ҳакимов томонидан сайёр суд мажлислари бўлиб ўтди. Тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, талаба ёшлар, профессор-ўқитувчилар иштирок этишди.

Кун тартибидаги масала бўйича фирибгарлик жинояти билан судланган 2 нафар судланувчининг иши сайёр судда кўриб чиқилди. Биринчи судланувчи 1999 йили туғилган Ш.М. муқаддам икки маротаба судланган бўлиб, танишига божхонада мусодара қилинган ва арзон нархдаги “Chevrolet Monza” русумли автомашинани бир ҳафта муддат ичида 9.000 АҚШ долларига олиб беришини ваъда қилиб, алдаб, жабрланувчи ишончига кириб, 2023 йил 15 декабрь куни Яккасарой тумани, Бобур кўчаси 34-уйда бўла туриб, 9.000 АҚШ доллари ҳисобидан жами 111.000.000 сўм пулларни пластик картасига тушириб олиб, берган ваъдасини бажармасдан, пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Сайёр судда судланувчининг қилмишлари муҳокама қилинди. Ва якунда унга нисбатан ҳукм ўқилди. Хусусан Ш.М.га Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” ,”б” бандлари билан айбдор деб топилиб,иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. ЖК 59-моддасининг 8-қисми ва 61-моддаси тартибида ушбу ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг.2024 йил 23 январдаги ҳукмига кўра тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни қисман қўшиб, 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. ЖКнинг 62-моддаси тартибида қамоқда сақланган бир кунини озодликни чеклашнинг бир кунига тенглаштириб чегирилиб, узил-кесил ўташи учун 1 йил 11 ой 29 муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

1990 йилда туғилган Й.И. иши ҳам фирибгарлик жинояти билан боғлиқ. У ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида 2020 йил январь ойи ўрталарида танишига “Фарход бозори” қаршисидан янги қурилаётган кўп қаватли турар жой биноларидан хонадон олиб беришини ваъда қилиб алдаган ва жами 9.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан олиб, ваъдасини бажармасдан, пул маблағларини шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Й.И.га Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилиб,иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Сайёр суд натижаларидан талабалар ўзларига хулоса чиқаришлари лозимлиги таъкидланди