ЮРИДИК ТЕХНИКУМИ ЎҚУВЧИЛАРИ ИШТИРОКИДА БЎЛИБ ЎТГАН ДАРС
Тошкент шаҳар юридик техникуми ўқувчиларининг «Фуқаролик процессуал ҳуқуқи» фанига доир амалий билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида «Оталикни белгилаш тўғрисидаги ишларни судда кўришнинг процессуал хусусиятлари» мавзусида сайёр дарс машғулоти уюштирилди.
Дарс жараёнида судья Г.Опаева Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 62-моддасининг мазмунини тушунтирар экан, оталикни суд тартибида белгиланиши ҳақидаги ҳуқуқий нормаларни атрофлича изоҳлаб берди.
Машғулот давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида»ги қарорнинг мазмун-моҳияти ҳам кенг тушунтирилди.
Дарс мобайнида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.