9 НАФАР ШАХС ЖАЗОНИ ЎТАШДАН МУДДАТИДАН ОЛДИН ОЗОД ҚИЛИНДИ

Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан “Менинг маҳаллам – менинг судьям” шиори остида ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож фуқаролар учун доимий равишда сайёр қабуллар ташкил этиб келинади. Мақсад фуқароларни сарсон қилмай, мавжуд муаммоларни жойига борган ҳолда ўрганиш ва бартараф этиш.

21 сентябрдан бошлаб, Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан шаҳримизнинг ҳар бир туманига алоҳида-алоҳида борган ҳолда сайёр қабул ўтказиляпти. Бугунга қадар Яшнобод, Юнусобод туманлари фуқароларининг ҳуқуқий масалалардаги муаммолари ўрганилди.

7 октябрь санасида эса Мирзо Улуғбек туманидаги “Катта Қорасув” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтган сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов ва Тошкент шаҳар суди раис ўринбосарлари – Шуҳрат Аббасов, Акбарали Турабов, Мақсудбек Саидов, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси Рустам Тангабаев, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди раиси Шуҳрат Бакаев ва судьялар фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишди.

Сайёр қабулда жами 24 нафар фуқаролар қабул қилинди.
Қабул қилинган фуқароларнинг 10 нафари жиноят ишлари бўйича, 9 нафари фуқаролик ишлари бўйича, 3 нафари иқтисодий ишлар бўйича ва 2 нафари маъмурий судларга оид мурожаатларни ташкил этади. Шундан 15 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаати, 9 нафар фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.

Жами 24 та мурожаатлардан 15 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 9 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожатлар қаноатлантирилди

Шунингдек, сайёр қабул доирасида сайёр суд ҳам бўлиб ўтди. Жиноят ишлари бўйича М. Улуғбек туман суди судьялари томонидан 9 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича М. Улуғбек туман суди судьяcи Музаффар Кукиев раислигида 25 ёшли маҳкумнинг иши кўриб чиқилди. У жиноят ишлари буйича Юнусобод туман суди томонидан фирибгарликка суикасд, пора беришга далолат килиш жиноятларини содир килганликда айбланиб, 2 йил 6 ой муддатга ойлик иш хақидан 20 фоиз давлат фойдасига ундирилган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ва 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан махрум қилиш жазоси тайинланган.

 

— Жазо ўташ мобайнида ўзимни ижобий томондан кўрсатдим, яшаш ва иш жойимдан ижобий тавсифландим.

 

Иш ҳақимдан 20 фоиз чегирма ҳар ой давлат ҳисоб рақамига ўз вақтида ўтиб келди. Тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг 7 октябрга қадар ўталган муддати 1 йил 3 ой 6 кунни ташкил этади.

 

Бугун ўтган сайёр судда ўталмай қолган 1 йил 2 ой 24 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод этилдим. Бунинг учун суддан миннатдорман ва бундан буён жиноят кўчасига кирмаслик учун ўзимга етарлича хулосалар чиқариб олдим, – деди маҳкум.

Маълумот учун, Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан ўтказиладиган галдаги сайёр қабул эса 14 октябрда Бектемир туман фуқаролари учун ўтказилади.